Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда
Сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтисодиёт тез суръатларда барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди.
Ўтган даврда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиётимиз 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 200 минг ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилди.
Одамларнинг узоғини яқин қилиш учун 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилди ва таъмирланди. Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлди. Халқимизда “Уйли бўлиш – ватанли бўлиш” деган нақл бор. Шу маънода, камида 2,5 миллион аҳоли ватанли бўлди!
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда.
ЎзА