Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзламоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва глобал капитал харитаси кескин ўзгараётган, савдо зиддиятлари авж олаётган ҳозирги шароитда ҳар қандай инвестор тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинаётган, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ўсиб бораётган, кенг имкониятлар мавжуд бўлган давлатларга сармоя киритишга интилиши табиий.
Шу боис, Янги Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш йўлида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили ялпи ички маҳсулотимиз 7,7 фоизга ўсди, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди. Миллий валютамизнинг барқарорлиги таъминланиб, халқаро захираларимиз ҳажми 70 миллиард доллардан ортди.
–Кўпчиликнинг ёдида, биз тўрт йил аввал бўлиб ўтган илк форумда 2026 йил якунига келиб, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эдик. Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда, – деди Президентимиз.
Шу билан бирга, Ўзбекистон халқаро кредит рейтинги йил сайин яхшиланиб бормоқда.
Жорий йилда мамлакатимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиёти янги суръат ва янги имкониятлар босқичига чиқаётганига ёрқин мисолдир.
ЎзА