Жиззахлик ёшлар “Президент олимпиадаси”да совринлар шоҳсупасида
Тошкентда II бор ўтаётган “Президент олимпиадаси”да жиззахлик ёш спортчилар дзюдо, қиличбозлик ва стол тенниси бўйича совринли натижаларга эришдилар.
Олимпия шаҳарчасида ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтаётган беллашувларда мамлакатнинг барча ҳудудларидан йўлланма олган ёшлар иштирок этмоқда. Дастур дзюдо, стол тенниси, енгил атлетика ва қиличбозлик каби жами 35 та спорт турини қамраб олган.


Жиззахлик ёш спортчилардан дзюдо мусобақаларида 28 килограмм вазн тоифасида қатнашган Насиба Намозбоева олтин медални қўлга киритди. 42 килограмм вазнда беллашган Авазбек Раҳмонбердиев ҳамда 50 килограмм вазн тоифасидаги Умиджон Фурқатов кумуш медаль билан тақдирланди. 40 килограмм вазн тоифасидаги Умида Матмусаева эса бронза медалига сазовор бўлди.


Қиличбозликнинг сабля йўналишидаги жамоавий баҳсларда ҳам жиззахлик спортчилар совриндорлар сафидан жой олди. Вилоят жамоаси ушбу йўналишда бронза медалини қўлга киритди.
Стол тенниси бўйича яккалик баҳсларида қатнашган Эъзоза Хўрозова ҳам мусобақани бронза медали билан якунлади. Бу натижалар жиззахлик ёшларнинг бир нечта спорт йўналишида рақобатбардош эканини кўрсатади.


“Президент олимпиадаси” ёш спортчиларнинг маҳоратини баҳолаш, иқтидорлиларни аниқлаш ва уларни кейинги босқичларга тайёрлашга хизмат қилади. Шу боис мусобақадаги ҳар бир натижа спортчининг шахсий ютуғи бўлиш билан бирга, уни тайёрлаган мураббийлар ва спорт мактаблари фаолиятига ҳам назар ташлаш имконини беради.
Олимпиада имкониятларини кенгайтиришга қаратилган режаларда спорт турлари сонини 35 тага етказиш, иштирокчилар ёшини 14-17 ёш доирасида белгилаш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳар йили ғолиблардан 50 нафарини хориждаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларига юбориш режалаштирилган. Келгуси йилдан ғолибларга бир йиллик стипендия бериш ҳам белгиланган.


Ёшларни рағбатлантириш чоралари молиявий қўллаб-қувватлаш билан ҳам тўлдирилади. Спорт вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, келгуси йилдан мусобақа ғолибларини рағбатлантириш тизими такомиллаштирилади. Хусусан, пул мукофотлари миқдорини 2,5 баробар ошириш ва биринчи ўрин учун 25 миллион сўм миқдорида мукофот белгилаш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон рекордини янгилаган, Олимпиада ғолиби бўлган мактаб битирувчиларини спорт йўналишларига давлат гранти асосида имтиҳонсиз қабул қилиш имконияти ҳам назарда тутилмоқда.


Тизимли ёндашув нафақат спортчиларни мусобақаларга жалб этиш, балки уларнинг келгуси маҳоратини ошириш учун зарур шароитларни яратишни назарда тутади. Хорижий йиғинлар, стипендиялар, спорт мактабларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш иқтидор ёшларни тизимли қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Жиззахлик ёшларнинг дзюдо, қиличбозлик ва стол теннисидаги натижалари ана шу жараённинг амалий кўринишидир. Энди муҳим вазифа – қўлга киритилган медалларни барқарор натижаларга айлантириш, ёш спортчиларнинг маҳорати ўсишини таъминлаш ва уларни юқори даражадаги мусобақаларга тайёрлашдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири