Жавоҳир Синдоров: Бутун Ўзбекистон турнирни кузатаётганини ҳис қилдим
Бугун, 15 апрель куни Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирининг сўнгги 14-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда хитойлик Вэй И билан куч синашади.
Кеча турнирнинг 13-турида Синдоров қора доналарда нидерландиялик Аниш Гири билан ғалабага тенг дурангга эришиб, муддатидан олдин турнир ғолиблигига эришди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўз ҳис-туйғулари ва режалари билан ўртоқлашди.

— Жуда хурсандман. Турнир ҳали тугамади, лекин олдиндан ғалабани нақд қилганимдан бахтиёрман. Кеча оила аъзоларим, яқинларим билан телефон орқали мулоқотда бутун Ўзбекистон турнирни кузатаётганини ҳис қилдим. Ҳар бир турда халқимиз қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилдим. Бунинг учун барчадан миннатдорман. Менга бевосита мусобақа жараёнида ёрдам бериб келаётган жамоам билан кўпроқ кўникмалар ва руҳий мувозанат устида иш олиб бордик. Турнир давомида айрим партиялар жуда оғир бўлди. Айниқса Фабиано Каруанага қарши ўйин ва биринчи тур. Биринчи турда омад ҳам роль ўйнади. Бундай миқёсдаги мусобақада муваффақиятга эришиш учун бироз омад ҳам керак. Олдинда турган энг катта вазифам жаҳон чемпионлиги учун баҳсда максимал даражада яхши ўйин намойиш этиш, — деди Ж.Синдоров.
Номзодлар турнирининг сўнгги 14-турида шунингдек, Андрей Есипенко — Фабиано Каруана, Праггнанандха — Ҳикару Накамура, Маттиас Блюбаум — Аниш Гири қарама-қаршилигидаги ўйинлар бўлиб ўтади.

Номзодлар турнирининг аёллар мусобақаси 13-турида хитойлик Тан Чжунъи ва ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу ўртасидаги ўйинда дуранг қайд этилиши ортидан қозоғистонлик Бибисара Асаубаева қора доналарда украиналик Анна Музичукни мағлуб этиб, ғолибликка даъвогарлик мақомига кўтарилди. 14-тур ўйинлари остонасида улар 7,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Бугун ўтадиган ҳал қилувчи 14-турда Вайшали оқ доналарда россиялик Катерина Лагно билан, Асаубаева эса ҳиндистонлик Дивья Дешмух билан баҳс олиб боради. Айнан ушбу жуфтликларнинг натижаси ғолибни аниқлаб бериши мумкин.

Лекин, иккала етакчи ҳам сўнгги баҳсда рақиблари билан муроса йўлини танласа, 7 очколи хитойлик Чжу Цинер шоҳсупадан жой олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Бунинг учун Хитой вакили охирги ўйинда Анна Музичукни доғда қолдириши талаб этилади.

Кўриниб турибдики, эркаклар мусобақасида натижалар аниқ бўлса, аёллар ўртасида кимнинг ғолиб бўлиши масаласи охирги сонияларгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА