ЕЧЛ: Бугун “ПСЖ” ва “Атлетико” клубларининг ярим финалдаги рақиблари аниқ бўлади
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ярим финал босқичига йўл олган икки жамоа номи аниқ бўлди.
Гап шундаки, тунда лиганинг чорак финалидан ўрин олган “Ливерпуль” - “ПСЖ”, "Атлетико" - "Барселона" клублари ўртасида жавоб учрашувлари бўлиб ўтди.

Чорак финал босқичида "Ливерпуль" ўз уйида “ПСЖ”ни қабул қилиб, 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу ўйинда Усмон Дембеле дубль қайд этди. Шу тариқа, парижликлар икки ўйин натижасига кўра, умумий 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мадрид шаҳрида ўтган "Атлетико" ва "Барселона" учрашуви 1:2 ҳисобида якунланди. Дастлаб, 4-дақиқада Ламин Ямал каталонияликларни олдинга олиб чиққан бўлса, 24-дақиқада Ферран Торрес орадаги фарқни иккитага оширди. 31-дақиқага келиб, Лукман ҳисобни қисқартирди. Натижада “Атлетико” икки ўйин якунига кўра 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Барселона” Европа чемпионлар лигасида 2015 йилдан буён бош совринга эга чиқолмаяпти.
Энди эса Чемпионлар лигасининг чорак финал босқичида бугун бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

“Бавария” ўз майдонида “Реал Мадрид”ни қабул қилади. Илк учрашувда мюнхенликлар сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқиш имкониятини оширган эди. Мадрид клуби ушбу имкониятни йўққа чиқариш учун мезбонларни бугун камида иккита тўп фарқи билан таслим этиши лозим бўлади.

“Арсенал” Лондонда “Спортинг” клубини меҳмон қилади. Микель Артета шогирдлари илк баҳсда 1:0 ҳисобида ғалабага эришган.
Дарвоқе, ярим финалда “ПСЖ” клуби “Бавария” ва “Реал” жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади. “Атлетико” жамоасига “Арсенал” ёки “Спортинг” жамоаларидан бири қаршилик кўрсатади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА