“Пахтакор” бу турда ҳам пешқадамлигини сақлаб қолди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-туридан ўрин олган сўнгги икки учрашув бўлиб ўтади. Унда “Хоразм”—”Қўқон-1912” баҳси 2:2 ҳисобида якунланди. “Бунёдкор” ва “Нефтчи” учрашувида 0:1 ҳисоби қайд этилди.
Шу тариқа, ушбу тур ўйинлари натижасига кўра, “Пахтакор” 18 очко билан биринчи ўринда қолди. Худди шунча очкога эга бўлган “Нефтчи” эса иккинчи ўринда қолди. Улардан 3 очко орқада бораётган “Навбаҳор” кучли учликни якунлаб берди.
“Бухоро” 14, “Бунёдкор” 13 ва "Насаф" 12 очко билан 4-6 поғоналарда бормоқда. “Локомотив” 11 очко жамғарган ҳолда 7-ўринни эгаллаган. Ундан кейин “Хоразм” 9 очко тўплаб, 8-поғонада жойлашган. OKMK ҳамда “Сурхон” жамоалари 8 очкога эга бўлиб, мос равишда 9-10-ўринларда қайд этилган.

Шунингдек, “Динамо” ва “Қўқон-1912” жамоалари 7 очкодан жамғариб, 11 ва 12-ўринларни эгаллаб турган бўлса, “Қизилқум” ҳамда “Андижон” 6 очко билан 13 ва 14, “Сўғдиёна” 5 очко, “Машъал” эса очкосиз 15-16 ўринлардан жой олган.
Суперлигада 7-турдан кейин тўпурарлар пойгаси ҳам қизғин тус олган. Айни пайтда “Пахтакор” сафида ҳаракат қилаётган Достонбек Ҳамдамов тўпурарлар рўйхатида 4 та гол билан карвонбошилик қилмоқда. Шунингдек, Темурхўжа Абдухолиқов (“Локомотив”), Стипе Перица (“Нефтчи”) ва Стефан Чинеду (“Сурхон”) ҳисобида ҳам 4 тадан гол бор.

Миллий чемпионатимизнинг 8-тур учрашувлари 17–19 апрель кунлари ўтказилади. Унда 17 апрель куни “Локомотив” — “Навбаҳор”, OKMK — “Бухоро”, “Сурхон” — “Қизилқум” жамоалари ўзаро куч синашади.
18 апрелда эса “Нефтчи” — “Насаф”, “Машъал” — “Хоразм”, “Пахтакор” — “Динамо” учрашувига гувоҳ бўламиз. 19 апрель санасида “Сўғдиёна” — “Бунёдкор” ва “Қўқон-1912” — “Андижон” клублари беллашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА