Қозоғистон Республикаси пойтахтида Остона халқаро форуми (AIF - 2025) бўлиб ўтмоқда.
“AIF-2025” минтақадаги энг йирик тадбирлардан бири бўлиб, унда 600 га яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, етакчи сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, корпорациялар, сармоядорлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
“AIF-2025”да ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, энергия ва иқлим ўзгариши ҳамда иқтисодиёт ва молия каби глобал масалалар муҳокама марказида.
Тадбир доирасида ЎзА мухбири Қозоғистон Республикаси рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев билан суҳбатлашди:
– Форумдан аввало, иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича янги ғояларни кутяпмиз. Бу ғоялар орқали иқтисодиётимизни янада ривожлантирамиз. Муҳими, бу орқали глобал иқтисодиётга ҳисса қўшамиз.
Бугунги кунда амалга оширилган ислоҳотлар – иқтисодий, сиёсий ва технологик ислоҳотлар орқали рақамли саноатда шаклланган ютуқларимизни бутун дунёга намоён қилишни истаймиз.
– Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларингиз қандай ривожланмоқда?
– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз жуда яхши ривожланмоқда. Кремний водийсида қўшма IT-паркларимиз мавжуд, яқинда Дубайда ҳам қўшма IT-парк ташкил қилиш ҳақида эълон қилдик. Биз турли халқаро форумлар ва кўргазмаларда иштирок этиб, стартапларимиз, технологик компанияларимизни биргаликда намойиш этиб келяпмиз.
Биз доимий равишда тажриба алмашаётганимиз натижасида венчур фондлар ташкил қиляпмиз, биргаликда иқтисодиётларга сармоя киритяпмиз.
Яқинда Ўзбекистонда бўлиб, ҳамкасбларимиз билан трансчегаравий телекоммуникация хизматларини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон ва Қозоғистон IT компаниялари хизматларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, хизматлар экспортини ошириш ва икки мамлакат технопарклари ўртасида самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришни муҳокама қилдик ва муҳим келишувларга эришдик.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Тошкент – Остона