Ўзбекистон ва Қозоғистон: стратегик шериклик ва инновацион тараққиётнинг янги босқичи
Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – Марказий Осиё давлатлари билан яқин ва ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида изчил ривожланиб бормоқда. Бухоро шаҳрида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот нафақат икки томонлама муносабатларни, балки бутун минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, энергетика ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кенг қамровда муҳокама қилинди.

Жумладан, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиб, 5 миллиард долларга етгани ҳамкорликнинг амалий натижаси эканини кўрсатади. Шу билан бирга, яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгилангани иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда автомобиль саноати, электроника, қурилиш материаллари, кимё ва геология соҳаларида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари иқтисодий интеграциянинг янги босқичга кўтарилаётганини англатади. Айниқса, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш ва янги транспорт йўлакларини яратиш бўйича келишувлар ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим омил бўлади.
Шу билан бирга, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка бўлган интилиш алоҳида аҳамиятга эга. Бухорода ўтказилган “National AI Hackathon” тадбири ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Бу эса келгусида икки давлат ўртасида стартаплар ва юқори технологиялар соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини янада кенгайтиради.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг энг муҳим ва мустаҳкам таянчларидан бири ҳисобланади. Чунки, икки халқни нафақат бугунги манфаатлар, балки асрлар давомида шаклланган муштарак тарих, умумий маънавий қадриятлар, диний яқинлик, урф-одат ва анъаналар ўзаро боғлаб туради. Шу маънода, Бухородаги тарихий обидаларга амалга оширилган ташрифлар халқларимиз ўртасидаги чуқур маънавий яқинлик ва қардошлик ришталарининг амалий ифодаси бўлди.
Айниқса, Қозоғистон Президентининг Ўзбекистон Президенти билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиши рамзий ва маънавий жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этди. Чунки, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун ислом олами, жумладан, қардош қозоқ халқи учун ҳам бирдек қадрли ҳисобланади. Бу эса халқларимизнинг маънавий манбалари бир, қадриятлари муштарак эканини яна бир бор намоён этади.
Бу тарзда тарихий мерос объектларига эҳтиром билдириш, уларни биргаликда зиёрат қилиш ва умумий маданий бойлик сифатида қадрлаш келажакда икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун ҳам мустаҳкам асос яратади. Бу эса таълим, илм-фан, маданият, туризм ва ёшлар алмашинуви соҳаларидаги муносабатларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай ташрифлар халқ дипломатиясини мустаҳкамлайди, ёш авлод қалбида ўзаро ҳурмат, қўшничилик ва қардошлик туйғуларини кучайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари нафақат икки давлат манфаатларига, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бу ҳамкорлик ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва аниқ амалий натижаларга асослангани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда глобал ўзгаришлар шароитида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги иқтисодий ва технологик имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар нафақат бугунги кун, балки келажак тараққиёти учун ҳам мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА