Ижтимоий ҳимоя: манзилли кўмак ва янги имкониятлар (Видео)
Инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Фармон ва ижро
Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезадиган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, муносиб даромад манбаига эга бўлиши учун имконият яратиш, шунингдек, қулай ва инклюзив меҳнат муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада ижтимоий хизматлар тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган ёрдамнинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга кўрсатилаётган ёрдамни манзилли ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг бандлигини таъминлаш, улар учун қулай ва инклюзив меҳнат муҳитини яратиш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсатнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Бугун Ўрта Чирчиқ туманида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг асосий мақсади ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш баробарида ҳар бир инсоннинг ўз имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, муносиб меҳнат қилиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шароитларни яратишдан иборат.
Хусусан, Роватак маҳалласида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасида маҳалладаги еттилик вакиллари томонидан самарали ишлар ташкил этилган.

Бунинг амалий натижасини Янги маҳалла кўчаси, 1-уйда яшовчи, болаликдан II гуруҳ ногиронлиги бўлган Суннатиллахўжа Эргашев мисолида ҳам кўриш мумкин.
Унинг оиласи асосий даромадни деҳқончиликдан олади. Оилавий шароити ва мавжуд имкониятлари инобатга олиниб, давлат томонидан С.Эргашевга мотокультиватор берилиши эса унинг меҳнат фаолиятини янада кенгайтириш имконини яратди.
– Асосий даромадимиз деҳқончиликдан, – дейди Суннатиллахўжа Эргашев. – Оилавий шароитим ва мавжуд имкониятларим ҳисобга олиниб, давлатимиз томонидан мотокультиватор берилди. Шунинг ортидан кунига 150 минг сўмгача даромад қиламан. Бундан ташқари, 30 сотихли томорқамизда мавсумда помидор, бодринг, булғори қалампири етиштираман. Шу меҳнатимиз туфайли оилавий шароитимиз анча яхшиланди.
Дарҳақиқат, ижтимоий ҳимоянинг замонавий ёндашувлари инсонни фақат моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмасдан, унинг меҳнат қилиши, касб-ҳунар эгаллаши, даромад топиши ва жамиятда фаол иштирок этиши учун имконият яратишга қаратилмоқда.
Ўрта Чирчиқ туманидаги бу каби амалий ишлар эса ижтимоий кўмакнинг манзилли ва натижадор бўлиши, инсоннинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши ҳамда оила фаровонлигини таъминлашида муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА