Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун янги имкониятлар
Тошкент вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва хонадонларини замонавий талаблар асосида жиҳозлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳрининг Тўйтепа маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Бурхон Холдоров хонадонида 5 кВт қувватга эга қуёш панели ўрнатилиб, эшик ва дераза ромлари янгиланди. Шунингдек, ҳовлига айвон қуриб берилди.
Оққўрғон туманидаги Зарбдор маҳалласида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилфуза Иброҳимова хонадонида ҳам таъмирлаш ишлари бажарилиб, эшик ва дераза ромлари алмаштирилди. Бу эса хонадоннинг энергия тежамкорлигини оширишга хизмат қилди.

— Яратилган шароитлар кундалик ҳаётимизда, айниқса, совуқ ва ёғингарчилик кунларида катта қулайлик яратмоқда, — дейди Дилфуза Иброҳимова. — Энг муҳими, инсон қадри амалда намоён бўлаётганини ўз ҳаётим мисолида ҳис қиляпман. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз.
Юқори Чирчиқ туманида ҳам давлат таъминотидаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар хонадонларини таъмирлаш ва энергия тежамкорлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилди. Жумладан, Тоштўғизоқ маҳалласида яшовчи Кулдигул Бердиева хонадонига пандус ўрнатилиб, эшик ва дераза ромлари алмаштирилди. Уй тўлиқ таъмирланиб, замонавий ҳаммом қурилди, иситиш тизими янгиланди.

Айни пайтда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароитида бундай ўзгаришларнинг аҳамияти янада ортиб, хонадон эгалари учун қулай ва хавфсиз яшаш шароити таъминламоқда.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган.
Маълумот учун, Тошкент вилоятида давлат таъминотидаги, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган 120 та хонадонда қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, энергия тежамкорлигини оширишга қаратилган ишлар бажарилган.

Бу каби ташаббуслар ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА