Ижодкор ёшлар билан мулоқот
Бугун миллий театр соҳасига кўплаб иқтидорли ёшлар кириб келмоқда. Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри директори, “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Зулфия Ҳамроева ижодкор ёшлар билан учрашув чоғида шулар хусусида батафсил сўз юритди.
Мулоқот давомида ёш томошабинлар учун янада қизиқарли ва мазмунли спектаклларни тайёрлаш, шу мақсадда муаллифлар, драматурглар билан ҳамкорликни тобора кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда театр ва кино санъати, касб этикаси, театр саҳнасида ахборот техникаси ва робототехника мавзуларига бағишланган спектакллар яратиш юзасидан фикр юритилди.
Маълумот учун айтиш керакки, Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида замонавий компьютер технологияларига бағишланган “Game over” (Ўйин тугади”) спектакли саҳналаштирилган ва репертуардан ўрин олган.
Мулоқот давомида ёшларнинг фикри батафсил ўрганилди. Театр репертуарини янада ранг-баранглаштириш борасидаги таклиф ва режалар атрофлича таҳлил этилди.
Н.Усмонова, ЎзА