Республика театр санъати фестивали ўз ишини бошлади
Театрда замон нафаси, жамият ҳаёти, инсон кечинмалари ва миллатнинг маънавий қиёфаси акс этади. Ҳар бир спектакль ортида ижодий изланиш, режиссёрлик талқини, актёрлик маҳорати ва бутун бир жамоанинг меҳнати мужассам.
Ана шу ижодий жараёнларни бир майдонда жамлаш, театрлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда миллий саҳна санъатининг бугунги салоҳиятини намоён этиш мақсадида Республика театр санъати фестивали ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги тегишли Фармонига мувофиқ ташкил этилган мазкур фестиваль мамлакатимиз профессионал театрлари учун муҳим ижодий майдон бўлиб хизмат қилади.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросими Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият масалалари бўйича вакили Ҳасан Солиҳов ҳамда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев сўзга чиқиб, миллий театр санъатини ривожлантириш, театр жамоаларини қўллаб-қувватлаш, ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва соҳа вакиллари учун янги имкониятлар яратиш масалаларига тўхталдилар.
Фестиваль доирасида турли жанр ва мавзулардаги спектакллар томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Шунингдек, театр санъатидаги янги тенденциялар, ижодий изланишлар ва замонавий саҳна ечимлари кенг муҳокама қилинади. Энг муҳими, турли ҳудудларда фаолият юритаётган театр жамоалари бир-бирининг ижодий тажрибаси билан танишиш, фикр алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлади.
Бундай фестиваллар нафақат эришилган ютуқларни намоён этиш, балки соҳадаги янги истеъдодларни кашф қилиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ёш режиссёрлар, актёрлар ва драматургларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ташаббусларини рағбатлантириш ҳам фестивалнинг асосий вазифаларидан биридир.
Фестиваль икки босқичда — саралаш ва республика босқичларида ташкил этилган. Дастлаб театрлар томонидан тақдим этилган спектакллар ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан видеёзувлар орқали кўриб чиқилди. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган саҳна асарлари республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.
Якуний босқичда саралашдан муваффақиятли ўтган театр жамоалари ўз спектаклларини намойиш этмоқда. Саҳна асарларини баҳолашда фақат актёрлар ижроси ёки режиссёрнинг саҳнавий талқини билан чекланилмайди. Асарнинг бадиий-ғоявий савияси, танланган мавзунинг долзарблиги, режиссёрлик ечими, актёрлик маҳорати, саҳна безаги, ижодий янгиликлар ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланиш даражаси ҳам эътиборга олинади.
Фестивални ташкил этишда очиқлик ва ошкоралик, барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш, ҳудудлар ўртасида адолатли вакилликни таъминлаш ҳамда ҳакамлар ҳайъатининг мустақил қарор қабул қилиши устувор тамойиллар этиб белгиланган.
Беш кун давомида юртимизнинг илғор театр жамоалари томонидан тайёрланган саҳна асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Н.Усмонова,
ЎзА