Маърифатга элтувчи маскан
Бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида мутолаага меҳр уйғотиш, миллий адабиётимизнинг бой меросини кенг тарғиб этишда ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Зеро, китоб инсон тафаккурини бойитиб, маънавий оламини юксалтирувчи, уни эзгулик ва маърифат сари етакловчи бебаҳо манбадир.
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона маркази ана шу эзгу мақсадлар йўлида самарали фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда китобхонларга замонавий ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш билан бирга, турли маънавий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар, китоб ҳафталиклари, ёш китобхонлар танловлари ва янги нашрлар тақдимотлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Марказ вилоятнинг фаол маданий-маърифий масканларидан бири сифатида китобсеварлар, ижодкорлар ва кенг жамоатчиликни ўзига жалб этиб келади. Бу даргоҳда ёшидан қатъи назар, барча китобхонлар учун мутолаа қилиш, билим олиш ва ижодий салоҳиятини намоён этиш имкониятлари яратилган.
Айниқса, маҳаллий ижодкорларнинг янги асарларини кенг жамоатчиликка таништириш, ёзувчи ва шоирлар билан китобхонлар ўртасида жонли мулоқотни йўлга қўйиш марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бундай учрашувлар адабиётга бўлган қизиқишни ошириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-32730]
Китоб ва мутолаа тарғиботига қаратилган бу каби ташаббуслар ёш авлодни маърифатли, билимдон ва юксак маънавиятли этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА