Элдор Арипов Берлин конференциясида Марказий Осиё ва Европа ҳамкорлигининг истиқболларини баён этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов 25–26 ноябрь кунлари «Беқарор дунёда Европанинг стратегик автономиясини таъминлаш» мавзусидаги Берлин конференциясида иштирок этди.
Chatham House Берлин конференцияси — 2014 йилда ташкил этилган халқаро мулоқот платформаси. У Европа хавфсизлиги, иқтисодий ривожланиш ва ўзгариб бораётган жаҳон тартибида Европанинг ўрни билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун давлат идоралари, ишбилармон ва илмий доиралар вакилларини бирлаштиради.
Қироллик халқаро муносабатлар институти (Chatham House) томонидан ташкил этилган тадбирда Европа, Осиё ва Шимолий Американинг 20 дан ортиқ мамлакатидан давлат идоралари, парламентлар, дипломатик, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари қатнашди.
Европа хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва халқаро шерикликни кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлди.

Э. Арипов «Анъанавий иттифоқчилар доирасидан ташқарида: ким Европанинг янги стратегик шеригига айланади?» мавзусидаги сессияда нутқ сўзлаб, Марказий Осиё ва Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир ёндашувларни баён этди.
СМТИ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва конструктив сиёсати туфайли Марказий Осиёда ишонч ва яхши қўшничилик муҳити мустаҳкамланганини таъкидлади. Минтақавий мулоқотнинг фаоллашуви, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши ва қўшма инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши барқарор ривожланиш ҳамда ташқи шериклар билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.
У 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммитининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, муносабатларнинг стратегик шериклик даражасига кўтарилиши икки минтақа ўртасидаги алоқаларда янги босқични бошлаб берди ҳамда узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос яратди.
Шерикликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, эксперт саноат кооперациясини ривожлантириш, жумладан, ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида биргаликда қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш, шунингдек, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашни алоҳида қайд этди. Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини модернизация қилиш ва минтақа маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришда Европа инвестициялари ва технологияларининг аҳамияти таъкидланди.
Э. Арипов Европанинг барқарорлиги ва фаровонлиги кўп жиҳатдан унинг шериклари барқарорлигига таянишини қайд этди. Марказий Осиё мамлакатлари учун иқтисодий мустақиллик ва ташқи алоқаларни диверсификация қилиш суверен тараққиётнинг асосини ташкил этади. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик модернизация учун муҳим қўшимча манба сифатида қаралади. Бунда ушбу ҳамкорлик минтақа мамлакатлари билан мустаҳкам яхши қўшничилик алоқаларига эга бўлган анъанавий ва тарихий шериклар билан муносабатларнинг ўрнини босмайди.
Шу муносабат билан Европа Марказий Осиё учун янги инвестициявий, технологик ва транзит имкониятларини яратиш орқали минтақада барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган муҳитни шакллантиришга, шу тариқа ўзининг узоқ муддатли ривожланишига ҳам ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Сўзининг якунида СМТИ директори Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун мунтазам экспертлар мулоқотини олиб бориш муҳимлигини таъкидлади.
ЎзА