Истанбулда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган китоблар тақдимоти ва халқаро анжуман бўлиб ўтди
Истанбул Маданият университетида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақиллик зафарномаси» китоб-альбоми ҳамда туркиялик олим доктор Кемал Явуз Атаманнинг «Мен таниган Ўзбекистон» китоби тақдимотига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки халқнинг тарихий муштараклиги ва маънавий яқинлигини кенг тарғиб этишга қаратилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган «Мустақиллик зафарномаси» китоб-альбоми Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар ҳамда миллий қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини ёритиб беради.
Анжуман аввалида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, мамлакатнинг бугунги тараққиёти ва Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.
Истанбул Маданият университети ректори, профессор Фадиме Уней Юксектепе ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни ривожлантириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Тадбир давомида ўзбекистонлик олим ва мутахассислар томонидан мамлакатимиздаги ислоҳотлар, миллий ўзликни англаш, маданий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотира ва маънавий қадриятлар, шунингдек, Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг истиқболларига бағишланган маърузалар тингланди.
Жумладан, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ҳусанов «Янги Ўзбекистон: ислоҳотлар, янгиланиш ва замонавий тараққиёт» мавзусида маъруза қилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, тарих фанлари доктори Абдухалил Маврулов миллий руҳ ва маданият масалаларига тўхталди.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Бекзод Абдиримов Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тарихий алоқалар, муштарак қадриятлар ҳамда стратегик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр билдирди. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими, фалсафа фанлари доктори Илҳом Сувонов маърифат ва таълимнинг халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини ёритди.
Фалсафа фанлари доктори, шоира Сайёра Тўйчиева эса адабиёт ва санъатнинг халқлар ўртасидаги дўстлик, маданий мулоқот ва маънавий яқинликни ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган маъруза билан иштирок этди. Унинг шеърий чиқиши анжуманга алоҳида бадиий руҳ бағишлади.
Тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири туркиялик олим доктор Кемал Явуз Атаманнинг «Мен таниган Ўзбекистон» китоби тақдимоти бўлди. Асарга бағишланган анимацион ролик намойиш этилди. Унда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва мамлакат ҳақидаги таассуротларнинг акс эттирилиши икки халқ ўртасидаги маданий мулоқотни бойитиш, Ўзбекистоннинг бой мероси ва бугунги ҳаётини Туркияда кенгроқ танитиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.
Анжуманнинг бадиий қисмида Ўзбек миллий мақом санъати маркази хонандаси Адолат Исмоилова ҳамда эстрада хонандаси Азиз Ражабий ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Тадбир якунида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувга эришилди. Истанбул Маданият университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум илмий, маънавий-маърифий ва маданий алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ҳамда икки халқнинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилади.
Ушбу маданий-маърифий анжуман Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштириш ва келгуси ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА