Ўзбекистонда Туркия Республикаси мустақиллигининг 103 йиллиги нишонланди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Туркия Республикаси мустақиллигининг 103 йиллиги муносабати билан тантанали концерт дастури бўлиб ўтди. Мазкур мусиқий дастур икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва маданий яқинликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Дўстлик ва қардошлик байрамига айланган концерт давомида Туркиянинг машҳур эстрада хонандаси Мустафа Жажели мухлисларга қўшиқларини тақдим этди. Санъаткорнинг ижроси нафақат туркиялик меҳмонлар, балки ўзбек мухлислари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.

Тантанали кечада Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов, юртимиздаги турк диаспораси вакиллари иштирок этди.

Айтиш керакки, бундай тадбирлар санъат халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган восита эканини яна бир карра намойиш этди. Ўзбекистон ва Туркияни боғлаб турган тарихий ришталар, муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурмат муҳити бундай маданий учрашувларда янада яққол намоён бўлади.

Кеча якунида хорижий меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги номидан махсус гулдасталар тақдим этилди.
Жўшқин мусиқа оҳанглари остида ўтган байрам тадбири Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, маданий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда икки халқ ўртасидаги самимий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА