Иссиқхона хўжалиги даромад манбаи
Навоий вилоятининг Кармана туманида амалга оширилаётган иссиқхона хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балки аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда муҳим омилга айланмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Абдусалом Азизов ва вилоят ҳокими Нормат Турсунов ушбу ҳудудга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Тумандаги Маданият маҳалласи сўнгги вақтларда иссиқхона хўжалигига ихтисослашган ҳудуд сифатида шаклланди. Биргина ўтган йил давомида маҳалладаги 170 та хонадонда имтиёзли кредитлар асосида замонавий иссиқхоналар барпо этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида аҳоли йил давомида тўрт маротаба ҳосил олиш имкониятига эга бўлди. Ҳар бир хонадон ўртача 200 миллион сўмгача даромад топаётгани эса ушбу ташаббуснинг нақадар самарали эканини кўрсатмоқда. Бу ҳолат нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки уларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ҳудудда замонавий суғориш технологиялари ҳам жорий этилган. Ёғингарчилик сувларини тежаш ва самарали фойдаланиш мақсадида ҳар бир томчи сув махсус ҳовузларда жамланиб, кейинчалик экинларни суғоришга йўналтирилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.

Бундан ташқари, айрим тадбиркорлар маҳсулотларни экологик тоза усулда етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар органик ўғитлардан фойдаланишмоқдалар. Бу эса маҳсулот сифатини ошириш билан бирга, бозорда рақобатбардошликни ҳам таъминламоқда.
Мутасаддилар томонидан мазкур тажриба намунавий лойиҳа сифатида баҳоланиб, уни бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, томорқа маданиятини ривожлантириш ва аҳоли даромадини янада ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири