БМТ лойиҳалари ҳудудлар ҳаётини қандай ўзгартирмоқда?
Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида анъанавий деҳқончилик ҳамда эскирган инфратузилма ўз долзарблигини йўқотмоқда. Бугунги кунда нафақат ресурс тежайдиган, балки аҳоли турмуш сифатини бевосита яхшилайдиган инновацион ечимларга эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори.
19-20 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гуруҳининг Сирдарё ва Жиззах вилоятларига уюштирган сафари айни ўзгаришлар натижасини яққол намоён этди. Тадбир аввалида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл бошчилигидаги делегация Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров билан учрашиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, экология, соғлиқни сақлаш, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишларидаги қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масаласини муҳокама қилди. Ҳудуддаги реал натижа ижтимоий соҳа масканларида акс этмоқда. Хусусан, Боёвут туманидаги 19-мактабда БМТ Тараққиёт дастури кўмагида 2023-2024 йилги иситиш мавсумида синовдан ўтказилган кўмирсиз, энергия тежамкор иситиш тизими экологик тоза ва самарали ечим сифатида ўзини оқлади.

Гулистон шаҳридаги 22 800 аҳолига хизмат кўрсатувчи Марказий кўп тармоқли поликлиникада бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш ва муаммони эрта босқичда аниқлаш бўйича илғор тажриба йўлга қўйилган.
Жиззах вилоятида асосий эътибор қишлоқ хўжалигидаги инновацияга қаратилди: ФАОнинг юртимиздаги вакили ёрдамчиси Шерзод Умаров, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ЮНИСЕФ вакиллари Ғаллаорол туманидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонида бўлди. Ёғин-сочинга боғлиқ лалми ерларда намликни сақлаш ва тупроқ эрозиясини камайтиришга қаратилган ФАО кўмагидаги иккита илмий лойиҳа доирасида деҳқончиликка янгича ёндашувлар синалмоқда.
Жумладан, “Лалми ерларда ресурс тежовчи агротехникани қўллаш самарадорлигини ўрганиш” лойиҳасида ерни ҳайдамасдан махсус техника ёрдамида тўғридан-тўғри уруғ экиш усули қўлланмоқда. Бу технология тупроқ намлигини асраш, сув ва шамол эрозияси олдини олиш билан бирга харажатни ҳам кескин қисқартиради. Бундан ташқари қир-адир ён-бағирларида ёмғир ва эриган қор суви оқиб кетишини секинлаштириб, тупроққа тўлиқ сингдиришга хизмат қилувчи терраса ва ярим айлана шаклидаги сув йиғиш иншоотлари барпо этилган. Институт мутахассислари таъкидлашича, тажриба майдонларида юқори самара бераётган ушбу усуллар яқин келажакда мамлакатимизнинг барча лалмикор хўжаликлари учун муҳим таянч бўлиб хизмат қилади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА