Исроил Эронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошламоқчи
Исроил сиёсий доираларида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни тез фурсатда қайта тиклаш лозимлиги ҳақидаги қарашлар кучаймоқда, деб хабар тарқатди “CNN” телеканали.
Таъкидланишича, Тел-Авив расмийлари Теҳроннинг ҳозирги дипломатик танаффусдан ўз мақсадлари йўлида вақт ютиш учун фойдаланаётганидан жиддий хавотирга тушмоқда. Шу сабабли, Исроил раҳбариятининг юқори бўғинларида Эронга нисбатан ҳарбий чораларни тезроқ фаоллаштириш тарафдорлари кўпайган.
Хабарга кўра, яқинда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти анча кескин руҳда ўтган. Суҳбат давомида Нетаньяху юзага келган сиёсий “танаффус” фақатгина Теҳрон манфаатларига хизмат қилаётганини урғулаган.
Аввалроқ, Трамп Саудия Арабистони, Қатар ва БАА вакилларининг мурожаатларини инобатга олиб, Эронга қарши режалаштирилган ҳарбий амалиётларни вақтинчалик тўхтатиб туришга қарор қилганини маълум қилган эди. Ўшанда Оқ уй раҳбари Теҳрон билан муаммоларни дипломатик музокаралар йўли билан ҳал этиш имконияти ҳали ҳам мавжудлигини билдирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА