Эронга қарши янги уруш хавфи: Теҳрон қандай жавоб қайтаради? (+видео)
“The New York Times” нашри маълум қилишича, АҚШ ва Исроил ҳарбий идоралари Эронга қарши ҳужумларни қайта бошлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиққан. Газетанинг ёзишича, шу ҳафта АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Исроилда Биньямин Нетаньяху билан янги зарбалар бериш масаласини муҳокама қилиш учун учрашган.
Нашрнинг хабар беришича, икки давлат ҳарбийлари Ислом Республикасининг ядровий объектлари, ракета захиралари ва айрим инфратузилма марказларига зарба бериш режаларини ишлаб чиққан. Бироқ Оқ уй раҳбари Дональд Трамп операцияни Америкадаги оралиқ сайловлардан кейин бошлашни афзал кўрмоқда.
Экспертлар фикрича, Вашингтон ва Тель-Авив Теҳронга ҳарбий босимни кучайтириш орқали ўлкани ядровий дастур бўйича ён беришга мажбурламоқчи. Аммо айрим мутахассислар янги ҳужумлар аввалги операциялар каби ўз мақсадига эришмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда. Аввалги зарбалар Эроннинг асосий муаммоларини ҳал қилмаган, аксинча, энергия нархларининг ошиши ва минтақадаги беқарорликнинг кучайишига сабаб бўлган.
Расмий Теҳрон янги ҳужумларга жавоб қайтаришга тайёрлигини билдирмоқда. Эрон расмийлари жавоб зарбалари минтақадаги савдо кемалари, энергетика инфратузилмаси, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва сув ости интернет кабелларига қаратилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Айрим таҳлилчилар Эрон Саудия Арабистонидаги йирик нефть объектларига ҳам зарба бериши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу эса жаҳон бозорида нефть ва энергия нархларининг кескин кўтарилишига олиб келиши эҳтимолини оширади.
Шу билан бирга, Исроилдаги сиёсий вазият ва Қўшма Штатлардаги сайловлар ҳарбий режаларга таъсир қилиши мумкин. Агар янги операция бошланса, у минтақадаги можарони янада кенгайтириб, бошқа кучларни ҳам зиддиятга жалб этиши эҳтимолдан холи эмас.
Хуллас, АҚШ ва Исроил Эронга босимни кучайтиришга интилаётган бир пайтда, Теҳрон ҳам жавоб зарбаларига тайёрланмоқда. Томонлар ўртасидаги кескинликнинг янада кучайиши нафақат Яқин Шарқ хавфсизлигига, балки жаҳон энергетика бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Кенжа Бекжонов,
Салимжон Обиджонов (видео),
ЎзА