Юртимиз тараққиётида хорижий ва маҳаллий инвесторлар муҳим ўрин тутади, шунга қарамай инвестициявий низоларни ҳал қилишда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шаклланишига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар хил ёндашувларга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳам бор гап. Қашқадарё вилоят суди томонидан «Инвестициявий низоларни судда кўриб чиқишнинг хусусиятлари» мавзусида ташкил этилган семинар ҳам айни шу мавзуга бағишланди.
Тадбирда вилоят суди раиси А.Маҳкамов, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари, мавзуга алоқадор масъул ташкилотлар вакиллари, чет эл инвесторлари ва хорижий корхоналарнинг вакиллари, маҳаллий инвесторлар, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа субъектлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш лозимки, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммолар, хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ҳамда самарали ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.

Жумладан, тарафларнинг хоҳишига кўра, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланган.
– Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар айни соҳадаги ислоҳотларни ҳам янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, – дейди Қашқадарё вилоят суди раиси А.Маҳкамов.
– Бу борадаги муҳим янгилик инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилганлиги бўлди. Олий судда инвестициявий низоларни кўриш бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилганлиги ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловлик қоидаларининг белгиланиши инвесторларнинг низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида овора бўлишнинг олдини олади, уларнинг муаммолари битта суд томонидан ҳал қилинишини таъминлайди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб батафсил жавоб олди.
Ў.Баротов, ЎзА