Инвесторлар қонун ҳимоясида
Навоий вилояти корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасида вилоят суди, маъмурий суд ҳамда давлат активларини бошқариш бошқармаси ҳамкорлигида «Инвесторлар қонун ҳимоясида» мавзусида чет эллик ва маҳаллий инвесторлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган пайтдан бошлаб инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ва хорижий, маҳаллий инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Бу борада кейинги вақтларда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инвесторнинг фойда олиш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўзининг маблағларини ёхуд жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилиш фаолиятини рағбатлантирувчи қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Учрашувда инвестициявий низоларни судларда кўриш жараёнида инвесторга берилган қонуний имтиёзлар, инвестициявий низолар бўйича ишларнинг судловга тааллуқлилиги масаласи, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида чет эл ва маҳаллий инвесторларга берилган ҳуқуқий кафолатлар хусусида тушунчалар берилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан, амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда йирик инвесторнинг хоҳишига кўра, у билан боғлиқ инвестициявий низолар бевосита Олий суднинг инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланган.
Шунингдек, процессуал қонунчиликка инвестициявий низоларга бағишланган алоҳида модда киритилиб, мазкур моддада инвестициявий низоларга аниқ тариф бериб ўтилган. Қонунчилигимизда белгиланган инвестиция фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ошкоралик ва очиқлик, инвестиция фаолиятини амалга оширишда эркинлик, адолатлилик ва инвестиция фаолияти субъектларининг тенглиги, инвесторларга нисбатан камситишга йўл қўймаслик, инвесторларнинг виждонлилиги презумпцияларини амалга ошириш учун барча қонуний механизмлар яратилган.
Турғунбой Қаҳҳоров,
Навоий вилоят судининг судьяси.
ЎзА