Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборат. Чет элдан инвесторни жалб этиш учун унга, биринчи навбатда, қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний кафолатлар яратиб бериш лозим.
Шу муносабат билан, мамлакатимиз иқтисодиётида инвестицияларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эгалиги ҳамда кириб келаётган инвестиция ҳажмининг ошаётганлиги инвесторларнинг ҳуқуқларини суд ҳимоясининг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унда таъкидланганидек, муҳим янгилик –инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.
Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Яъни, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан, қолган барча инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
Статистик маълумотларга назар соладиган бўлсак, ўтган йилда иқтисодий судларда 3 мингдан ортиқ, чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низолар ҳал этилган. Ушбу иқтисодий ишларнинг деярли ярми Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган.
2020 йил бўйича республикамиз Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (Doing Business) рейтингида дунёнинг 190 та давлатлари орасида 7 поғона кўтарилиб 69-ўринни эгаллади ва шартномалар ижросини таъминлаш индикатори бўйича ўтган йилги 41-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан ўрин олди.
“Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида “Шартномалар ижросини таъминлаш” индикатори бўйича Ўзбекистонни дунёнинг етакчи 20 та давлатлари қаторига киритишни ҳам таъминлаш зарур. Бунда мамлакатда одил судлов тизими муҳим аҳамият касб этиб, унинг сифатлилиги даражаси иқтисодий соҳадаги низоларни кўриб чиқишда суд жараёнининг шаффофлиги ва ишларни кўриб чиқиш самарадорлиги каби мезонлар орқали аниқланади.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак адашмаймиз. Ушбу Қонуннинг 61-моддасига мувофиқ, давлат органларининг инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ёки чеклайдиган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Ушбу Қонуннинг 63-моддасига кўра, чет эл инвестициялари билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириши чоғида юзага келадиган низо (инвестициявий низо) музокаралар ўтказиш, ундан сўнг агар келишувга эришилмаса, медиация йўли билан ҳал этилиши кўрсатилган. Музокаралар ўтказиш ва медиация йўли билан тартибга солинмаган инвестициявий низо Ўзбекистон Республикасининг тегишли суди томонидан ҳал қилинади.
Шу билан биргаликда, мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшиланишига ва инвестициявий низоларни самарали ҳал этилишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар мавжуд эди. Жумладан, инвестицияга оид низоларни суд томонидан ҳал этиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари етарли даражада ривожланмаганди.
Яъни инвестиция фаолиятига алоқадор иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар туман даражасидаги турли хил судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Иқтисодий соҳада юзага келадиган низолар иқтисодий судлар, фуқаролик ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ишлар бўйича судлар ва давлат органлари билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
Бу эса, ўз навбатида, инвесторлар фаолиятига оид низолар бўйича қарорлар қабул қилишда турли хил суд амалиёти шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилиб, судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.
Айни пайтда инвестициявий низоларни судларда ҳал қилишнинг янги тартиблари бўйича Иқтисодий процессуал кодексга ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Иқтисодий процессуал кодексга янги 301-модда киритилиб, унда инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига:
1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;
2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;
3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;
4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;
5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарларни ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар кириши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, ушбу Кодексга юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги 302-модда киритилмоқда.
Худди шундай ўзгартиришлар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ҳам киритилмоқда, унга кўра инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар, шунингдек чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Бунда инвестициявий низолар бўйича ишлар йирик инвесторнинг хоҳишига кўра, рақобат тўғрисидаги ишлар тарафларнинг хоҳишига кўра, бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
Яъни, шундай имконият яратиляптики, унга кўра инвесторлар, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича тарафлар низони ҳал қилиш учун қайси судга мурожаат қилишни ўзлари танлайди.
Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5 – 6 ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги, жумладан “Бизнесни юритиш” (Doing Business) рейтингида ўрнини ошишига хизмат қилади. Шу билан инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортади.
Бахтиёр ИСАКОВ,
Олий суд раисининг ўринбосари