Ибн Сино мероси: Ҳиндистон Ўзбекистон илмий экспедициясини қўллаб-қувватлади
Жорий йилнинг ноябрь ойида юртимиз олимларининг Ҳиндистонга илк илмий экспедициясини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним ва Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудовнинг учрашувида мазкур экспедициясини юқори савияда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида фонд фаолияти ҳамда экспедициянинг асосий мақсадлари ва кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Смита Пант хоним мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, Ҳиндистоннинг тегишли давлат ва илмий ташкилотларини унга жалб қилишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.
Элчи хоним икки томонлама ҳамкорликни замонавий тиббиёт, айниқса, халқ табобати (Ибн Сино ва Аюрведа таълимоти), фармацевтика ҳамда инвестиция йўналишларида ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди. Ушбу соҳаларда улкан салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Учрашув якунида экспедицияни ҳамкорликда юқори савияда ўтказиш ҳамда 2027 йилда ҳиндистонлик олим ва инвесторларнинг фонднинг халқаро тадбирларида иштирок этишини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, экспедиция давомида Ҳиндистонда сақланаётган Ибн Синога оид қўлёзмаларни ўрганиш, маҳаллий олимлар, шунингдек, фармакология ва фармацевтика назорати соҳаси мутахассислари билан илмий учрашувлар ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур илмий экспедиция Ибн Синонинг тиббиёт ва фармакологияга оид илмий меросини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, мавжуд илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги халқаро ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш учун муҳим имконият яратади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА