Ибн Сино мероси изидан: Ҳиндистонга илмий экспедиция уюштирилди
Мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги тегишли фармонида Абу Али ибн Сино қўлёзмаларини дунё фондларидан излаб топиш ва ўрганиш вазифаси белгиланган эди.
Шу мақсадда Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан Ҳиндистонга биринчи халқаро илмий экспедиция ташкил этилди. Ушбу сафар тегишли вазирлик ва идораларимиз ҳамда ҳиндистонлик ҳамкорлар кўмагида амалга оширилмоқда. Экспедиция жорий йилнинг 9-15 ноябрь кунлари Нью-Деҳли, Ғозиобод ва Алигарҳ шаҳарларида бўлиб ўтади.
Олимларимиз Ҳиндистон фондларида сақланаётган нодир асарларни ўрганишни мақсад қилган. Маълумки, Патна шаҳридаги кутубхонада Ибн Синога тегишли еттита асар борлиги аниқланган.
Энг муҳими, экспедиция аъзолари ҳали ҳеч қандай рўйхатга киритилмаган 109 та янги қўлёзмани ўрганишни мақсад қилган. Бу топилмалар Ибн Сино меросини тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган. Манбаларда унинг 450 дан ортиқ асар ёзгани, шундан 240 га яқини бизгача етиб келгани қайд этилади. Уларнинг асосий қисми фалсафа ва табобатга бағишланган.
Сафарнинг биринчи кунида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида илмий конференция ўтказилди.

Ибн Сино жамоат фонди раиси Нозимхон Маҳмудов 2030 йилда аллома таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланишини маълум қилди. Шунингдек, “Ибн Сино бренди”ни яратиш, халқаро мукофот таъсис этиш ва марказ ташкил қилиш каби муҳим таклифларни илгари сурди.
Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси президенти, профессор Ҳаким Сйед Зиллур Реҳман таъкидлашича, “Тиб қонунлари” асари ва ундаги тавсиялар минг йил ўтса ҳамки, ўз долзарблигини йўқотмаган.
Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди ҳамда Алигарҳ шаҳридаги Ибн Сино академияси ўртасида меморандум имзоланди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу академия кутубхонасида табобат ва фармакологияга оид 1500 дан ортиқ нодир қўлёзмалар сақланади.
Ҳиндистонга илмий экспедиция давом этмоқда.
ЎзА