Ибн Сино мероси изидан Ҳиндистонга илмий экспедиция уюштирилди
Жорий йилда қомусий олим ва мутафаккир Абу Али ибн Синонинг миллий маънавиятимиз, қолаверса, жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси, бой илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳавас қилгуликдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармонида Абу Али ибн Синонинг илмий меросини ўрганишга бағишланган хорижий илмий экспедицияларни ташкил этиш, алломанинг жаҳон фондларида сақланаётган қўлёзмаларини тўплаш назарда тутилган.
Шу мақсадда Ибн Сино жамоат фонди ташаббус кўрсатиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, АТБ “Kapitalbank” ва Ҳиндистондаги ҳамкорлар ёрдамида 2026 йилнинг 9-15 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли, Ғозиобод ва Алигарҳ шаҳарларига “Ўзбекистон-Ҳиндистон: Абу Али ибн Сино: Қўлёзмалар-Илм-фан-Ҳаёт. Икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичи” мавзусида 1-халқаро илмий экспедицияси йўлга қўйилди.

Мақсад нима?
Жорий йилда Маданий мерос агентлиги томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реейстри”нинг 4-томида Ҳиндистоннинг Патна шаҳрида жойлашган Худобахш Шарқ кутубхонасида юртимиз алломаларига тегишли бўлган 85 номдаги асар мавжуд бўлиб, уларнинг 7 таси айнан Ибн Сино қаламига мансублиги таъкидланган.
“Қуруқ гапнинг ўзи ҳеч қачон далил бўлолмайди”, дейилади аллома ҳикматларида. Экспедиция аъзолари мақсадлари эзгу. Улар ушбу асарлар билан танишиш, Худо бахш Шарқ кутубхонасида ва Алигарҳ шаҳридаги Ибн Сино академияси фондларида янги аниқланган ва бобомизнинг ҳали бирор реейстрга киритилмаган 109 номдаги қўлёзмасини ўрганишни ният қилган.
Маълумки, ўз даврида замондошлари Ибн Синони “Шайх ар-раис” («Донишмандлар сардори”, “Алломалар бошлиғи”); “Шараф ал-мулк” (“Ўлка, мамлакатнинг обрўси, шарафи”), “Ҳужжат ал-ҳаққ” (“Ростликка далил”); “Ҳаким ал-вазир” (“Донишманд, тадбиркор вазир”) деб атаганлар. Жаҳон фани тарихида Ибн Сино қомусий олим сифатида тан олинган, чунки у ўз давридаги мавжуд фанларнинг қарийб барчаси билан шуғулланган ва уларга оид асарлар ёзган.
Олим асарларини ўша даврда Яқин ва Ўрта Шарқнинг илмий тили бўлган араб тилида, баъзилари (шеърий ва айрим фалсафий асарлари)ни форс тилида ёзган. Профессор Сурайё Каримованинг такидлашича, турли манбаларда алломанинг 450 дан ортиқ асар ёзганлиги қайд этилган, лекин бизгача уларнинг 242 (160) таси етиб келган. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга оид бўлиб, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, математика, мусиқа, кимё, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган. Лекин бу асарларнинг ҳаммаси ҳам олимлар томонидан бир хилда ўрганилган эмас. Шундан кўринадики, Ҳиндистонда аниқланган асарлар Ибн Сино меросини ўрганишда янги даврни бошлаб беради, десак асло мулобаға бўлмайди.
Экспедициянинг биринчи куни
Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Исломшунослик академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ватан университети, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, “Ўзбекистон тарихи” телеканали билан ҳамкорликдаги буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино қўлёзмаларини, бой илмий меросини ўрганишга бағишланган Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга уюштирилган тарихий илмий экспедициясининг биринчи кунида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида илмий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистонинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев очиб берди ва бугунги ўзбек-ҳинд маданий алоқалари, хусусан, аждодлар меросини ўрганишга бўлган эътибор ҳақида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистондаги “Ибн Сино жамоат фонди” бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов бугун Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан Ибн Сино ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, хусусан, 2030 йилда Абу Али ибн Сино таваллудинининг 1050 йилигини кенг нишонлаш ва аллома бой илмий меросини ўрганиш, “Ибн Сино брениди”ни яратиш, Ибн Сино илмий-тадқиқот марказини, “Халқаро Ибн Сино мукофоти” ва Ибн Сино мадҳиясини таъсис этиш ҳамда Халқаро Ибн Сино маршини ва Ибн Сино жамоат фонди фаолиятини қайта ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилаётганлигини таъкидлади.
Ҳиндистондаги Ибн Сино Академияси президенти, профессор Ҳаким Сйед Зиллур Реҳман Абу Али ибн Синони “дунё эътироф этган учини муаллим” деб атади ва “Тиб қонунлари” асари 1000 йилдан бери инсоният тарихидаги энг қадрли ва дозарб асар бўлиб келаётганлиги, аллома яратган ва инсониятга таклиф этган доривор воситалар бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқолмаганлигини қайд этди.
Алигарҳдаги Ибн Сино академияси профессор Ҳаким Сйед Зиллур Реҳман ташаббуси билан 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, 4 музей ва 1 кутубхонадан иборат. Кутубхонада араб, форс, урду, санскрит, инглиз рус, инглиз ва ўзбек тилларидаги халқ табобати, фармакология ва замонавий тиббиётга оид 1500 дан ортиқ қўлёзма 35000 ошиқ турли асарлар жамланган. Тадбирда Ўзбекистондаги Ибн Сино жамоат фонди ва Алигарҳ Ибн Сино академияси ўртасида меморандум имзоланди.

Тадбирда Ибн Синонинг бой илмий мероси ва халқ табобатига бағишланган “Ўзбекстонда Абу Али ибн Сино рецептлари асосида замонавий дори воситаларини ишлаб чиқиш ҳолати”, “Ибн Сино ва унинг диний фалсафаси”, “Абу Али ибн Сино илмий-фалсафий асарларининг герменевтик таҳлили”га оид маърузалар тингланди ва истиқболдаги ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
1-халқаро илмий экспедицияси аъзолари Нью-Делидан ташқари, Ғозиобод ва Алигарҳ шаҳарларида ҳам яна 3 конференция, 1 форум, 1 симпозиум ва бир қатор учрашув, давра суҳбатлар ўтказилишни ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши режалаштирган.

Холиёр Сафаров,
“Ўзбекистон тарихи” телеканали бош муҳаррири.
Нью-Дели