Ҳурмуз икки кунда очилади, агар…
АҚШ муайян талабни қабул қилса, Эрон икки кун ичида Ҳурмуз бўғози бўйлаб кема ҳаракатини тиклашга тайёр. Бу ҳақда Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий маълум қилди. Унинг таъкидлашича, томонлар ўртасида воситачилар орқали хабар алмашинуви давом этяпти. Энди келишув фақат Вашингтоннинг Теҳрон шартига муносабати билан боғлиқ.
Шартли рўйхат барча фронтда урушни тўхтатиш, хорижда музлатилган маблағни қайтариш, нефть соҳасида жорий этилган санкцияни бекор қилиш ва Эрон портларига нисбатан денгиз қамалини тугатишни назарда тутади. Шунингдек, Ҳурмуз орқали қатновнинг Эрон ва Ўмон келишган янги йўналишини тан олиш ҳамда минтақадаги АҚШ ҳарбийлари сонини камайтириш ҳам талаб қилинмоқда.
Айни пайт Қатар воситачилигида дастлабки келишув лойиҳаси устида иш олиб бориляпти. Хитой ҳам махсус вакилини Эрон, Ўмон ва Саудия Арабистонига юбориб, томонларни ҳарбий ҳаракатни тўхтатишга чақирган. Теҳрон ядровий музокара босим остида олиб борилмаслигини билдирган, АҚШ Марказий қўмондонлиги эса Ислом Республикаси ҳужуми оддий аҳоли ва фуқаролик манзилларига ҳам зарар етказганини даъво қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА