Эрон Ҳурмуз бўғозини очиш шартини маълум қилди
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён АҚШ томонидан денгиз қамали ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилса, Теҳрон Ҳурмуз бўғозида халқаро кема қатновини қайта тиклашга тайёр эканини маълум қилди.
Ислом Республикаси етакчиси бу ҳақда Ҳиндистоннинг “India Today” телеканалига берган интервьюсида билдирган.
Унинг таъкидлашича, ҳарбий йўл билан кўзланган мақсадларга эриша олмаган АҚШ эндиликда Эронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтиришга уринмоқда.
– Улар уруш орқали ўз мақсадларига эриша олмаяпти, шунинг учун иқтисодий босим ўтказишга ўтди, лекин биз тўхтамаймиз, -деди Пизишкиён.
Денгиз қамали масаласига тўхталган Эрон президенти Вашингтон бу йўл билан ҳам Теҳронга ўз шартларини қабул қилдира олмаслигини таъкидлади.
– Албатта, денгиз йўли ҳаётимиз боғлиқ бўлган ягона йўл эмас. Улар бу усул билан ҳам ўз мақсадларига эриша олмайди, -деди у.
Шунингдек, Эрон раҳбари Ҳурмуз бўғозида хавфсиз кема қатновини тиклаш юзасидан Ўмон билан олиб борилаётган музокараларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг маълум қилишича, 14 сентябрь куни Маскат шаҳрида араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
Пизишкиёнга кўра, йиғилишда Эрон ва Ўмон ўртасида Ҳурмуз бўғози орқали қўшма денгиз йўлагини ташкил этиш бўйича келишув муҳокама қилиниши ва бу ҳақда Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) хабардор қилиниши кўзда тутилган.
Ўмон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий маълумотига кўра, Маскат ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда Ҳурмуз бўғозида хавфсиз кема қатновини босқичма-босқич тиклаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Томонлар вақтинчалик қўшма навигация йўлагини ташкил этиш, бўғозни миналардан тозалаш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш, келгусида доимий денгиз йўлаги ва транспорт ҳаракатини бошқариш механизмини ишлаб чиқиш ниятини билдирган.
Айни пайтда ушбу келишув Ҳурмуз бўғозининг дарҳол ва тўлиқ очилишини англатмайди. Эрон томони бўғозда кема қатновини тўлиқ тиклаш масаласини АҚШнинг Теҳронга нисбатан денгиз қамали ва ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиши билан боғламоқда.
IMO маълумотларига кўра, минтақадаги вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Ташкилот Ҳурмуз бўғози атрофидаги инқироз бошланганидан буён халқаро кемаларга камида 70 та ҳужум тасдиқлангани, улар оқибатида 19 нафар денгизчи ҳалок бўлганини маълум қилган.
13 сентябрь куни Ҳурмуз бўғозидаги вазият яна кескинлашди. Халқаро ахборот агентликлари минтақада яна бир тижорат кемасига ҳужум қилингани ҳақида хабар берди. Бу воқеа стратегик денгиз йўлида хавфсиз кема қатновини тиклаш бўйича дипломатик музокаралар аҳамиятини янада оширмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА