Эрон Ҳурмузни 7 кунда очиши мумкин
Эрон АҚШ ҳарбий босимни юмшатиб, мамлакат портларига жорий қилинган қамални бекор қилса, Ҳурмуз бўғозини етти кун ичида қайта очиши мумкин. Теҳрон бунинг учун Вашингтондан муаммони музокара йўли билан ҳал қилиш ниятини расман билдиришини кутяпти.
Юқори мартабали эронлик расмий “Reuters” агентлигига билдиришича, шундан сўнг томонлар жараённинг кейинги босқичи ва муддатини келишиб олиши мумкин. Теҳроннинг ушбу масала бўйича таклифи 16 сентябрь куни учинчи томон орқали Вашингтонга етказилган. Нью-Йоркда бўлиб турган Ислом Республикаси делегациясига мулоқотни тиклаш бўйича тўлиқ ваколат берилган. Ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш шарти ҳам БМТ Бош Ассамблеяси доирасида воситачилар иштирокида муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Баёнот минтақада янги ҳарбий кескинлик хавфи сақланиб турган бир пайт янгради. Эрон ҳарбий қўмондонлиги якшанба куни Америка амалиётни минтақадаги давлатлар кўмагида қайта бошлашга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олганини билдириб, бундай ҳолатда жавоб “чекловсиз” бўлишини таъкидлади.
Президент Масъуд Пезешкиён сешанба куни Нью-Йоркка етиб борди, аммо унинг Дональд Трамп билан учрашуви режалаштирилмаган. Эрон вакили БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишини Вашингтоннинг дипломатияга қайтиши учун “олтин имконият” деб атади.
Мусулмон Зиё, ЎзА