Ховослик спортчилар Туркияда шоҳсупага кўтарилди
Туркияда Даун синдромли спортчилар ўртасида ўтказилган V халқаро енгил атлетика чемпионатида Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 1-сон спорт мактабининг тарбияланувчилари 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритишиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Инклюзив спортни ривожлантириш, Даун синдромли спортчиларнинг жисмоний имкониятларини намоён этиш ҳамда халқаро спорт ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган нуфузли мусобақада бир қатор давлатлардан иқтидорли спортчилар иштирок этди.
Чемпионатда ховослик спортчилар юксак тайёргарлик ва матонат намоён қилди. Мустафо Фахриддинов 200 метрга югуриш баҳсида барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди ва чемпионлик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Наргиза Қобилова эса икки йўналишда совриндор бўлди. У 200 метрга югуришда кумуш, ядро улоқтириш мусобақасида бронза медалига сазовор бўлди. Зиёдулла Сулаймонов эса найза улоқтириш баҳсларида иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, Азизбек Кулбеков 400 метрга югуришда бронза медали соҳибига айланди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят спорт бошқармаси маълум қилди.
Мазкур натижа мамлакатимизда имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб тайёргарлик шароитларини яратиш ва халқаро мусобақаларда иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири