Талаба спортчиларимиз Туркияда шоҳсупага кўтарилди
Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси делегацияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил этилган халқаро спорт фестивалида юқори натижаларни қўлга киритди.
Боғазичи университети ташаббуси билан ўтказилган “45-Sports Fest 2026” фестивалида дунёнинг 25 дан ортиқ давлатидан 70 дан зиёд университетнинг 1000 нафардан ортиқ талаба-спортчилари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибида Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари футзал, бадминтон ва стол тенниси спорт турлари бўйича баҳсларда қатнашди.

Футзал мусобақаларида Гулистон давлат университети жамоаси халқаро турнир чемпионига айланди. Жамоа мусобақа давомида Туркиянинг “BOUN” жамоасини 7:1, Ливаннинг “Sports Fusion” жамоасини 9:2 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди. Финал баҳсида эса Ливаннинг “Ливан спорт университети” жамоаси 10:0 ҳисобида мағлуб этилди.
Турнир якунларига кўра, Гулистон давлат университети футзал жамоаси “45-Sports Fest 2026” халқаро спорт фестивалининг бош соврини ва чемпионлик унвонини қўлга киритди.

Бадминтон бўйича Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Унда эркаклар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Жамшидбек Туйиев ва Фаррух Азадов барча учрашувларни 2:0 ҳисобида якунлаб, 1-ўринни эгаллади. Аралаш жуфтлик баҳсларида эса Гулноза Жуманазарова ва Жамшидбек Туйиев барча босқичларда рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланди.
Стол тенниси бўйича эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида Д.Ражабов туркиялик ҳамда руминиялик рақибларини мағлуб этиб, финалга йўл олди. Ф.Жумақулов эса 3-ўрин учун баҳс олиб борди. Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Ф.Матризоева ҳамда Н.Нишонова финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мазкур натижалар Ўзбекистон талаба спортининг халқаро майдондаги иштироки ва рақобатбардошлигини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА