Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, мавсумий ишлаш учун Россия Федерациясига бориб, у ерда яширин фаолият олиб бораётган диний экстремистик оқим таъсирига тушган яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур гуруҳ аъзолари яшаш жойларига қайтиб келгач, яқин қариндошлари ва маҳалладошлари орасида радикал қарашларини тарғиб қилиш, Интернет ижтимоий тармоқлари орқали террорчилик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланган.
Аниқланишича, улар Россия ҳудудида бўлишлари давомида, Сурия Араб Республикасида ўрнашиб олган террористик ташкилотларга молиявий кўмак бериб келган ва келажакда ўзлари ҳам ушбу давлатга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган.
Тезкор тадбир натижасида жиноий гуруҳнинг Боёвут туманида яшовчи 8 нафар ва Сурхондарё вилоятида яшовчи 1 нафар аъзоси қўлга олиниб, уларнинг уяли алоқа воситалари ҳамда яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Айни пайтда, Сирдарё вилоят ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА