Хоразмда гиёҳвандликка қарши қандай курашилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилояти божхона бошқармасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда бошқа тақиқланган моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, уларнинг мамлакат ҳудудига олиб кирилиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида мазкур йўналишда олиб борилаётган тезкор-профилактик тадбирлар, божхона назорати самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ҳамда ноқонуний олиб кириш каналларига чек қўйиш борасидаги ишлар ва эришилган натижаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан 2026 йилнинг ўтган 10 ойи давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш йўналишида 24 та ҳолат аниқланиб, жами 7 минг 593,94 грамм гиёҳвандлик воситалари ҳамда 18 туп гиёҳвандлик ўсимлиги ноқонуний муомаласи аниқланди.

Шунингдек, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 15 та ҳолатда жами 221 грамм дори воситалари далилий ашё сифатида олинди.
Эндиликда ўрганиш ишлари вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларида ҳам давом эттирилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири