Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш йўналишидаги фаолият ўрганилди
Президент Администрацияси ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида тақиқланган моддалар айланишининг олдини олиш йўналишида олиб борилаётган фаолият натижалари юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Хусусан, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Нукус аэропорти”, “Хўжайли”, “Довут-ота”, “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постлари ва “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постидаги хизмат фаолияти билан яқиндан танишилди.
Ўрганишлар давомида божхона постларида замонавий технологиялар ва назорат ускуналаридан самарали фойдаланиш, чегара орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, ТИФ субъектлари билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олишда профилактик тадбирлар, шунингдек, хизмат итлари ва кинолог мутахассисларнинг тақиқланган моддаларни аниқлашдаги ўрни муҳим экани қайд этилди.

Божхона ходимларига импорт ва экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш, юкларни ортиш, ташиш ва сақлаш жараёнларида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Айниқса, юкларга бегона шахслар томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки бошқа тақиқланган моддалар жойлаштирилишининг олдини олиш, бундай ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида тадбиркорларни огоҳлантириш вазифаси қайд этилди.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари ва бошқа тақиқланган моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 27 та ҳолатда 3,1 килограмм гиёҳвандлик воситаси, 1 та ҳолатда 80 дона психотроп дори воситаси, 2 та ҳолатда 32 грамм кучли таъсир қилувчи модда аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда жиноят ишлари қўзғатилган.
Ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳимлиги таъкидланиб, ҳаракатланаётган йўловчилар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва бошқа тақиқланган моддаларни ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олишга қаратилган профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бунда фуқароларга ўз юкларини назоратсиз қолдирмаслик, бегона шахсларнинг буюмларини олиб ўтишга рози бўлмаслик, номаълум юк ва буюмларни ташимаслик лозимлиги тушунтирилиши, шубҳали ҳолатларга нисбатан ҳушёрликни ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири