Аёл бахтли бўлса, жамият фаровон: муаммолар ечими йўлида амалий қадамлар қўйилмоқда
Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида мутлақо янги тизим яратилган.
Ушбу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ўрни ва масъулияти ниҳоятда катта. Қўмита томонидан ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бориш, аёлларни қийнаётган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва маиший муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
«Аёллар дафтари» орқали манзилли ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун таълим имтиёзлари яратиш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Аёл муаммоси ҳал бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Ҳар бир аёл ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги, ҳар бир оила эса қийин вазиятда давлат кўмагини ҳис қилиши керак. Бунинг учун нафақат мурожаатларни эшитиш, балки уларни юзага келтираётган сабабларни аниқлаш ва тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳим.

Маълумотларга кўра, биргина Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 4 мингдан ортиқ аёл иш изламоқда, 853 нафар фуқаро эса алимент ундириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Бу рақамлар ортида аёллар бандлиги, фарзандлар таъминоти ва оилаларнинг ижтимоий барқарорлиги билан боғлиқ муаммолар турибди.
Туманда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган сайёр қабулда Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудлари ҳамда Самарқанд вилоятидан келган 28 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Уй-жой, бандлик, кредит, ижтимоий ҳимоя, даволаниш, таълим ҳамда оилавий низолар билан боғлиқ масалалар тегишли давлат идоралари иштирокида кўриб чиқилди.
Шунингдек, вилоятнинг Деҳқонобод тумани Бошчорбоғ қишлоғида ўтказилган қабулда ҳам 15 нафар фуқаронинг муаммоси ўрганилди. Ҳар бир мурожаатни ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш учун масъуллар ҳамда аниқ муддатлар белгиланди. Бир ойдан сўнг топшириқлар ижроси жойига чиқиб текширилади. Бундай учрашувларда аниқланаётган такрорий муаммолар ҳам таҳлил қилиниб, уларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.
Оилавий ажримлар таҳлили ва янги механизмлар бўйича “Андижон тажрибаси” республика миқёсида оммалаштирилмоқда. Дунё мамлакатлари билан таққослаганда Ўзбекистонда никоҳларга нисбатан ажримлар улуши 17,5 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Португалияда 94, Испанияда 86, Россияда 74, АҚШ ва Хитойда 45, Туркияда 25 фоиз. Ҳар 1 000 аҳолига нисбатан ажримлар коэффициенти Ўзбекистонда 1,3–1,4 ни, Қозоғистонда 4,6 ни ташкил этади. Ажримларнинг қарийб 60 фоизи шаҳарларга тўғри келади.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ажримларнинг асосий сабаблари сифатида ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, фарзандсизлик, узоқ муддат алоҳида яшаш, учинчи шахслар аралашуви, миграция, молиявий қийинчиликлар, спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли ҳамда тазйиқ ва зўравонлик аниқланган.
Таҳлиллар асосида “Андижон тажрибаси” доирасида янги механизмлар белгиланди. Жумладан, “Оила ва хотин-қизлар масканлари”да никоҳланувчилар учун “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” бепул курслари ва оила бюджетини юритиш лойиҳаларини кенгайтириш, никоҳдан олдин имом-хатиб, психолог ва ҳуқуқшунос маслаҳатларини тизимли йўлга қўйиш, ота-оналар учун “Келин-қайнона”, ёш эркаклар учун эса “Оталик мактаби” тренингларини ташкил этиш, ҳудудларда профессионал медиаторлар фаолиятини ривожлантириш, бир хонадонда яшаш сабабли низога борган оилалар учун ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тизимини ишлаб чиқиш механизмлари жорий этилди.

Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда аёллар манфаатларини таъминлаш, уларнинг оғирини енгил қилиш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш борасидаги ишлар узлуксиз ва тизимли жараёнга айланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан маҳаллабай ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган бундай манзилли саъй-ҳаракатлар минглаб юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларнинг эртанги кунга умид билан қарашига замин яратмоқда.
Зеро, муаммоси ҳал этилган, бандлиги таъминланган ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқараётган ҳар бир аёл нафақат ўз оиласининг фаровонлигига, балки Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Бу борадаги ислоҳотлар изчиллиги эса юртимизда тинчлик, барқарорлик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Гулноза Бобоева,
ЎзА