Айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Тошкент вилояти делегациясининг амалий ташрифи давом этмоқда. Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимов ҳам хитойлик тадбиркорлар билан музокаралар ўтказди.
Унга кўра, эндиликда Ангрен шаҳрида мавжуд шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб янги қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Хусусан, “Shandong Qichuang Petrochemical Engineering” компанияси билан ҳамкорликда резина маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси, “Zibo Qianhui Biological Technology” компанияси билан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади.
Шунингдек, “Shandong Shengfeng Chemical Industr” компанияси билан юқори сифатли полителен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган истиқболли лойиҳани амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Бунинг натижасида Тошкент вилоятида юзлаб янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Ангрен шаҳри ҳокими ва Сзибо шаҳар раҳбари ўртасида биродарлик битими имзоланди. Шунингдек, делегация вакиллари Урумчи шаҳрида ҳам бўлди.Мазкур манзилдаги “Poly group” компанияси билан ҳамкорликда “Нишбош” кўмир конини очиш режалаштирилган. Шу билан бирга, автомобиллар ҳамда қуёш ва шамол электр станциялари учун электробатареялар ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан ҳам келишув имзоланди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири