Хитой сармояси асосида янги лойиҳалар жалб қилинади
Жорий йилнинг 8-9 октябрь кунлари Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасидаги учрашувлари Жиззахга инвестицияларни жалб қилиш, шу асосда саноатни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этишга қаратилди. Пекин, Синин ва Голмуд шаҳарларида ўтказилган музокараларда тоғ-кон саноати, металлургия, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, туризм ҳамда минерал сув ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқотларнинг аҳамияти шундаки, улар фақат сармоя жалб этиш билан чекланмай, табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий технологиялар асосида янги корхоналар ташкил этиш имкониятларини ҳам қамраб олади. Бу эса Жиззах вилоятининг иқтисодий салоҳиятини ишга солиш, ишлаб чиқариш тармоқларини диверсификация қилиш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун муҳимдир.


8 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонасида ўтказилган учрашувларда кончилик ва металлургия йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. “Zhaojin Mining Industry International” компанияси билан олтин, мис, кумуш ва бошқа рангли металларни қазиб олиш, геология-қидирув ишларини олиб бориш, хомашёни чуқур қайта ишлаш масалалари кўриб чиқилди. Компания вакиллари вилоятда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдириб, ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззахга келишни режалаштирди. Шунингдек, олтинни қайта ишлаш, замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
“Anhui Zhongjue Construction Engineering” компанияси билан музокараларда темир рудаси конларини ўзлаштириш, хомашёни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бундай ташаббуслар амалга ошса, вилоятнинг минерал-хомашё базасидан самарали фойдаланиш билан бирга, ресурсларни оддий хомашё сифатида эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот шаклида иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилади.


Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш бўлди. “Beijing Hrunan Technology” компанияси билан сувдан фойдаланишни “ақлли” бошқариш, гидрологик ва экологик мониторинг, ирригация тизимларига рақамли технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Компания тижорат банклари билан ҳамкорликда вилоятда пилот лойиҳани амалга оширишни бошлаган. Шунингдек, 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳаси доирасида гидрологик мониторинг ускуналари ва “ақлли” сув хўжалиги тизимларини ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш режалаштирилган. Вилоят раҳбарияти ушбу ташаббусни амалга ошириш учун зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун муҳим. Мониторинг тизимлари ва рақамли бошқарув ечимлари сув сарфини назорат қилиш, мавжуд ресурсларни самарали тақсимлаш ҳамда ирригация жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, режалаштирилаётган ишлаб чиқариш корхонаси нафақат инвестициявий, балки ҳудуднинг сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.


Қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида “Qingdao Wanlin Health and Wellness Industry Group” компанияси билан қишлоқ хўжалиги кластерини ташкил этиш, замонавий паррандачилик мажмуасини барпо қилиш ва туризм инфратузилмасини, жумладан, аквапаркни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Компания вакилларининг жорий йил ноябрь ойида Жиззах вилоятига келишини ташкил этишга келишиб олинди. Бу музокараларни аниқ лойиҳа таклифлари ва амалий ўрганишлар билан давом эттириш учун имконият яратади.
Делегациянинг Голмуд шаҳридаги “JDB Group” компанияси минерал сув ишлаб чиқариш саноат парки билан танишуви ҳам амалий аҳамиятга эга бўлди. Кунлун тоғларида, денгиз сатҳидан қарийб 4200 метр баландликда жойлашган мажмуада минерал сув манбалари, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, маҳсулотларни қадоқлаш жараёнлари ва ишлаб чиқариш қувватлари ўрганилди. Компания мазкур саноат паркига 400 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. Бу ерда бир суткада 110 минг дона пластик идишда минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу тажриба Жиззах вилоятида ҳам табиий сув манбаларидан фойдаланиш асосида янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини баҳолашга туртки берди. Хусусан, Зомин тоғ тизмалари ҳудудида, Еттикечув сойи атрофида минерал сув ишлаб чиқариш бўйича истиқболли инвестициявий лойиҳа муҳокама қилинди. Компания вакилларининг вилоятга режалаштирилган сафари давомида сув манбаларини жойида ўрганиш, лаборатория таҳлилларини ўтказиш ва қўшма лойиҳа юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Демак, лойиҳанинг кейинги босқичида табиий манбанинг хусусиятлари, сув сифати ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятларини илмий-амалий жиҳатдан баҳолаш муҳим ўрин тутади.


Пекин шаҳридаги “JDB Group” бош офисида ўтказилган учрашувда ҳам компания фаолияти, ишлаб чиқариш салоҳияти ва хомашёни қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган технологик жараёнлар билан танишилди. Томонлар Жиззах вилоятида янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодий музокаралар билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, инвесторларни ҳудудга жалб қилиш ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Пекин шаҳридаги Хитой Халқ йиғинлари саройида Хитой Халқаро маданий коммуникациялар маркази раиси Лонг Юхианг билан ўтказилган учрашувда иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, йирик компаниялар билан алоқаларни ривожлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Хитой инвесторларини Жиззах вилоятига жалб этиш ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланди.


Мулоқотларда 2026 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган тарихий учрашувда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантириш, ҳамкорликни аниқ вазифалар ва лойиҳалар асосида давом эттириш зарурлигини кўрсатади.
Умуман, Жиззах вилояти делегациясининг Хитойдаги учрашувлари ҳудуднинг инвестициявий имкониятларини кенг намоён этиш, янги ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш ва турли тармоқларда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга хизмат қилди. Энди асосий вазифа билдирилган қизиқиш ва келишувларни аниқ техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, инвестиция мажбуриятлари ҳамда амалга ошириш механизмлари билан мустаҳкамлашдан иборат. Зеро, хорижий сармоянинг самараси фақат унинг ҳажми билан эмас, балки яратилган ишлаб чиқариш қувватлари, янги иш ўринлари, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш даражаси ва ҳудуд иқтисодиётига қўшган ҳиссаси билан белгиланади.
Жиззах ва Хитой компаниялари ўртасида муҳокама қилинган ташаббуслар ана шу мезонлар асосида амалий босқичга ўтса, вилоятда саноатни диверсификация қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва замонавий технологияларни жорий этиш учун янги имкониятлар очилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири