Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хитой элчихонаси Инсон ҳуқуқлари уйига 800 дона китоб совға қилди

Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида нашр этилган “Давлат бошқаруви тўғрисида”, "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида", “Қашшоқликдан халос бўлиш” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ХХРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь иштирок этди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 2026 - 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини тубдан ошириш мақсадида бир одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгиланганига эътибор қаратди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев эътироф этганидек, “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

[gallery-27437]

Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади. Ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади.  

Китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади ва танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.

Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази хорижий ва миллий ҳамкорлар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифатни ривожлантиришга мунтазам эътибор қаратиб келаётгани диққатга лойиқ. Бугунги кунда юртимиздаги юзлаб кутубхоналарда “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги ташкил этилгани ҳамда мунтазам равишда янги китоблар билан тўлдириб борилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.  

Ўз навбатида, ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин қаламига мансуб китобларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритди. Хитой элчиси ушбу тақдимотни юқори савияда ташкил этгани учун Миллий марказга миннатдорлик билдирди.  

Хитой Элчихонаси томонидан Инсон ҳуқуқлари уйига қарийб 800 дона адабиёт беғараз тақдим этилди.

Ушбу китоблар орасида ўзбек тилида ҳам нашр этилган манбаларнинг кўплиги Ўзбекистон ва Хитой жамиятлари ўртасида ўзаро илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши эътироф этилди.

Инсон ҳуқуқлари ва Хитой маданиятига оид китоблар нафақат Инсон ҳуқуқлари уйи фонди, балки мамлакатимиздаги етакчи ахборот-кутубхона марказлари фондини бойитишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказларининг 500 дан ортиқ масъул ходими, Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон Нотариал палатаси, илмий ва академик доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Миллий марказ ходимлари ҳамда докторантлари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этган тадбир якунида Хитой элчихонаси совға қилган китоблардан  350 таси Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун ажратилди. Бу ҳақда Миллий кутубхона масъулларига тегишли сертификат топширилди.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА