2026 йил 15 январда давлатимиз раҳбарининг “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унда мамлакатимизда китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, янги нашрлар ва таржималарни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ва соҳавий адабиётлар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Қарорда 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш белгиланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қарорда белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг тарзда китобхонликни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Марказ томонидан Давлат ва ҳуқуқ институтида ташкил этилган маърифий тадбир ҳам шу мақсадга қаратилди. Унда Хитойнинг мамлакатимиздаги элчихонаси Инсон ҳуқуқлари уйига беғараз тақдим этган адабиётларнинг бир қисми Давлат ва ҳуқуқ институтига топширилди.
Институт фондига, хусусан, Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг асарлари, инсон ҳуқуқлари соҳасига оид нашрлар, шунингдек, Хитой маданияти ва адабиётига бағишланган жами 28 номдаги 56 китоб ҳамда 6 электрон диск (e-book) тақдим этилди.

Сўзга чиққанлар айни маърифий тадбир Президентимизнинг қарорида белгиланган вазифалар ижросига ҳамоҳанг эканини таъкидлади.
Мазкур адабиётлар Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, тадқиқотчилари ҳамда ёш олимлар учун халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий ёндашувларни таҳлил қилиш ҳамда илмий изланишларни бойитишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов ушбу адабиётларнинг илмий-амалий аҳамияти, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ўрнини алоҳида қайд этди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонасига ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ушбу қимматли адабиётлар учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА