Инсон ҳуқуқлари уйида Ғулом Мирзонинг “Эй, Ой!” номли сайланма ва “О, Луна!” шеърлар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганининг 30 йиллиги ва 27 февраль – Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари кунига бағишланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, даставвал, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад 2026 - 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини оширишдан иборат экани ҳамда юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача ўнта китобга етказиш вазифа этиб белгилангани таъкидланди.

Қарорга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилмоқда, чунки китоб мутолаасида гап кўп. Шарқ ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянган.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданият ва маърифатни юксалтириш борасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйи муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Хусусан, 2025 йилда Инсон ҳуқуқлари уйи томонидан 2 минг 968 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт кутубхоналар, турли идора ва ташкилотларга беғараз тақдим этилди. Турли мавзуларда 30 тадан ортиқ тадбир, жумладан, янги китоблар тақдимотлари ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими – шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо қаламига мансуб “Эй, Ой!” ва “О, Луна!” шеърий китобларининг тақдимоти Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилгани бежиз эмас. Миллий марказ ўзининг қарийб 30 йиллик фаолияти давомида давлат органлари ва халқаро ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Китоблар тақдимотининг 27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари кунига бағишланганида ўзига хос рамзий маъно бор. Дунё бўйлаб ҳар йили кенг нишонланадиган ушбу сана сайёрамиздаги жамиятлар манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган барча миллий, минтақавий ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган.

Тақдимотда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси Талъат Муродов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Эй, Ой!” сайланма китобининг масъул муҳаррири, шоир Шоди Отамурод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “О, Луна!” шеърий китобининг таржимони, шоир ва таржимон Рифат Гумеров сўзга чиқди. Янги китоблар юртдошларимизнинг китобхонлик, китобсеварлик ва китобпарварлик фазилатларини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Миллий марказ директори А.Саидов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 40 та ва Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасига 60 дан ортиқ китоб ҳамда тегишли сертификатлар топширди.
Н.Абдураимова, ЎзА