Хавфсиз газ — хотиржам ҳаёт кафолати
Сирдарёда газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича 43 мингдан ортиқ эслатма тарқатилди, 5 мингтага яқин камчиликни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Олдимизда куз-қиш мавсуми. Бу даврда табиий газ ва иситиш ускуналаридан фойдаланиш кўпаяди. Бироқ носоз жиҳозлардан фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши каби хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

— Куз-қиш мавсумида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шу мақсадда «Ҳудудгаз Сирдарё» газ таъминоти филиали ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан профилактик ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, — дейди филиал директори Жаҳонгир Хидиров.

Жорий йил бошидан буён аҳолига табиий газдан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари акс этган 43 265 тадан ортиқ эслатма тарқатилди. Ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда 600 дан зиёд профилактик семинар ва тушунтириш суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги хонадонларда ўтказилган ўрганишлар давомида табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланиш билан боғлиқ 5 мингта камчилик аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Аҳолини тезкор ахборот билан таъминлаш мақсадида филиалнинг 12 та шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимида Telegram орқали «Хавфсиз газ» гуруҳлари ташкил этилган. Уларда газдан хавфсиз фойдаланиш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя этишга оид фото ҳамда видеоматериаллар мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Айни пайтда гуруҳлар обуначилари сони 14 минг нафардан ошган.

Бироқ хавфсизлик фақат эслатмаларни ўқиш ёки тавсияларни тинглаш билан чекланмайди. Ҳар бир хонадонда газ жиҳозларининг техник ҳолатига эътибор бериш, хоналарни шамоллатиб туриш, мўри ва вентиляция каналларининг созлигини текширтириш зарур. Ис гази ҳидсиз бўлгани учун уни ис орқали аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун эҳтиёт чораларига доимо амал қилиш муҳим.
— Аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлиги биз учун муҳим. Газ билан боғлиқ муаммо ёки хавфли ҳолат юзага келса, 104 — газ авария хизматига қўнғироқ қилиш мумкин. Мурожаатлар кечаю кундуз қабул қилинади, авария хизматлари эса ёрдам беришга доимо шай. Асосий мақсадимиз — хавфли ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, — дейди Жаҳонгир Хидиров.

Филиал томонидан куз-қиш мавсумида ҳам профилактик тадбирларни кучайтириш, газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини кенгайтириш режалаштирилган.

— Шу ўринда бир гап, газдан хавфсиз фойдаланиш ҳар бир хонадоннинг ҳам масъулиятидир. Оддий эҳтиёт чоралари инсон ҳаётини асрайди. Бепарволик бир лаҳзада фожиага сабаб бўлиши мумкин, огоҳлик эса ҳаётни асрайди, — дейди Жаҳонгир Хидиров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири