Ҳидсиз ва рангсиз ис гази фаровон ҳаёт кушандаси
Тоғларга қишли-қировли кунларнинг илк қори тушиб, совуқ кунлар яқинлашаётганидан дарак бермоқда. Этни жунжиттираётган куз-қиш фаслида аҳолининг ҳам ёқилғи-энергетика ресурсларига эҳтиёжи ортмоқда. Улардан хавфсизлик қоидаларига амал қилиб, оқилона фойдаланиш хотиржамликни таъминлайди. Изғиринли фаслни беталафот ўтказишга хизмат қилади.
Айни кунларда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ходимлари вилоят маҳаллаларида бўлиб, истеъмолчиларнинг газдан тўғри фойдаланиш ҳолатини ўрганмоқда. Кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги турар жойларда газ жиҳозларининг ҳолати кўздан кечирилиб, техник кўрик ўтказилаётир.
Газчиларнинг “Энерго Дигит” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари Термиз шаҳрининг “Боғишамол” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги турар жойларда бўлиб, газ жиҳозларининг техник ҳолатини ўрганди.

– Совуқ кунлар олдидан амалга оширилаётган бу ишлар шунчаки тадбир эмас, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Аброр Мамараҳимов. – Қиш фаслини беталафот ўтказиш учун кўрилаётган ҳозирлик ишлари давоми бўлиб, истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга, табиий ва суюлтирилган газни тежаб ишлатишга қаратилган.
Техник кўрик чоғида хонадонлардаги газ жиҳозлари, қувурлар, уланиш нуқталари ва ускуналарнинг техник ҳолати кўздан кечирилиб, газ сизиб чиқиш эҳтимоли, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва жиҳозлардан фойдаланиш қоидалари ўрганилмоқда.

Аҳоли билан суҳбат ўтказилиб, табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, газ жиҳозларини ўзбошимчалик билан таъмирламаслик, носоз ускуналардан фойдаланмаслик, хоналарни мунтазам шамоллатиш, мўри ва вентиляция каналларининг соз ҳолатда бўлишини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Термиз шаҳрида 45 минг 955 та табиий, 186 та суюлтирилган газ истеъмолчиси бор. Бу йил газчилар ёқилғи нисбатан кам етиб борадиган ҳудудлардаги қувурларни алмаштириб, изғиринли кунларда кўнгилдагидек ўтказишга алоҳида эътибор қаратди. Юқори босимли газ қувурлари таъмирланди.

Маҳаллаларда олиб борилаётган техник кўрик ва истеъмолчилар билан суҳбатлар аҳоли хонадонларида газдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаб, эҳтимолий носозликлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, куз-қиш мавсумида барқарор газ билан таъминлашга қаратилгани аҳамиятли бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоятда 609 минг 435 газ абоненти бор. Уларнинг 150 минг 389 таси табиий, 459 минг 46 таси суюлтирилган газдан фойдаланади. Ангор туманида 31 минг 225 та хонадон суюлтирилган газ ишлатади. Қарийб тўрт минг хонадон табиий газга уланган.

Туманда олиб борилаётган профилактик тарғибот тадбирлари доирасида газчилар Янги ҳаёт маҳалласида ҳам бўлиб, уйларнинг газдан фойдаланиш ҳолатини ўрганди. Хонадонлардаги газ ускуналари, иситиш мосламалари ва газ тармоқларининг ҳолати билан танишди. Истеъмолчиларга табиий газдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, газ жиҳозларини мунтазам назорат қилиб, носозлик аниқланганда мутахассисларга мурожаат этиш, газ сизиб чиқиши билан боғлиқ хавфли вазиятларнинг олдини олиш ва дуч келинган носозликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан зарур тавсияларини берди.
Газ ёқилғисидан тежаб, тўғри фойдаланиш нафақат аҳоли фаровонлиги, балки ҳаёт хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир истеъмолчи хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилса, совуқ кунларда юз бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олди олинади. Вилоятда шу мақсадда кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири