Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистонда халқаро фан олимпиадаларини ўтказиш, ўқувчи-ёшларни муайян фанларга янада қизиқтири, рағбатлантириб бориш тизими йўлга қўйилган.
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳамда Иқтисодий асослар ташаббуси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро иқтисодиёт олимпиадаси совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Май ойида иқтисодиёт бўйича олимпиаданинг саралаш босқичида 712 нафар ўғил-қиз қатнашди ва юқори ўринни эгаллаганлар 2 июнь куни финалда баҳслашди.

Миллий босқичдан муваффақиятли ўтган 100 ўқувчи орасидан ҳам сараланганлар – 5 нафар ғолиб диплом ва совғалар билан тақдирланди. Улар энди Грецияда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Масалан, кучли ўнликдан Андижон вилояти икки вакили – Муҳаммадсоҳиб Алиев ва Муҳаммадали Абдумуталипов ўрин олди.

– Мақсад – юртимиз ёшларининг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, – дейди ташкилотчилардан бири, катта ўқитувчи доктор Темур Маҳкамов. – Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ташкил қилинган “Молия клуби”да талабалар молиявий менежмент, Ўзбекистон ва хорижий компаниялар молиявий аҳволини таҳлил қилишга ўргатилади. Мазкур олимпиада ўқувчиларда халқаро ҳамкорлик туйғусини шакллантириш, уларнинг иқтисодиёт, география, инглиз тили ва математикадан олган билимларини уйғунлаштиришга кўмаклашади. Энг фаол ёшларимиз глобал сиёсатга таъсир ўтказа оладиган иқтисодчи бўлиб етишишига ҳисса қўшади.

Фанга иштиёқни янада оширадиган ушбу синов тадбири инглиз тилида ёзма шаклда бўлиб ўтди. 2 соат ичида 50 та топшириқ бўйича 2 очкодан – жами 100 балл йиғиш имкони берилди.
Дарвоқе, илк бор 2016 йил Чехияда жойлашган иқтисодиёт ва молиявий таълим бўйича етакчи нодавлат ташкилоти “INEV” томонидан ташкил этилиб, халқаро лойиҳага айланган мазкур олимпиадада бу гал 20 дан ортиқ давлат, 350 мингдан зиёд ўғил-қиз қатнашди.
Мунаввара Пирматова,
Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим
мактаби иқтисодиёт фани ўқитувчиси.
ЎзА