Ўзбекистон вакиллари 2025 йилги Халқаро Иқтисодиёт Олимпиадасида (International Economics Olympiad, IEO) муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз тарихидаги энг юқори натижани қайд этди.
Боку шаҳрида бўлиб ўтган мазкур нуфузли мусобақада 50 дан ортиқ мамлакат, жумладан АҚШ, Канада, Россия, Бразилия, Испания, Мексика каби дунёнинг етакчи давлатлари қатори беш нафар иштирокчидан иборат Ўзбекистоннинг энг иқтидорли ўқувчилари жамоаси ҳам қатнашди.
Ҳамюртларимиздан Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Аслиддин Бойназаров кумуш медалга сазовор бўлди ва “Best in Finance” махсус мукофотини қўлга киритди, Ҳумоюнбек Иброҳимов 3-ўринни эгаллади, Зуҳриддин Ибодовга ҳам махсус сертификат топширилди.

Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Беҳрўз Олимов ҳамда Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Сардор Анваров “Honourable mention” фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Ушбу ютуқлар замирида жуда кўп фидойи устозлар, хусусан, жамоа сардори, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети катта ўқитувчиси доктор Темур Маҳкамовнинг ҳам тинимсиз меҳнати ётибди, албатта. Ушбу мутахассис финалчиларни саралаш, машғулот ташкил этиш, ёшларимизни руҳлантириб, халқаро даражада тайёрлаши борасида жонбозлик кўрсатди. Шу тариқа мукаммал билим, кучли тайёргарлик орқали Ўзбекистон жамоаси тарихий натижага эришди. Маҳкамовнинг фикрича, иқтисодиёт фанига қизиқишни кучайтириб, янада юқори марраларни забт этиш мумкин.
– Ҳудудлардаги барча мактабларда иқтисодиёт фанига эътибор, Олимпиадага тайёргарлик кучайса, натижаларимиз янада юксалади, – дейди доктор Темур Маҳкамов. – Юртимизда зукко, ўз олдига юксак мақсадлар қўйган болалар жуда кўп. Уларни тўғри йўналтириб, қўллаб-қувватласак, юртимиздан халқаро миқёсдаги олимлар етишиб чиқиши шубҳасиз. Биз зарур ўқув материалларини тақдим этишга тайёрмиз. Энг муҳими, мактаблар ушбу фанни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиши лозим. Масалан, ҳар бир мактабда иқтисодиёт бўйича кичик олимпиада ташкил этиш лозим. Шунда ҳеч бир истеъдодли бола эътибордан четда қолмайди. Ҳудудий босқичга чиққанлар билан эса янада самарали ишлай бошлаймиз.

Дарвоқе, жамоамиз таркибидаги 5 иштирокчидан тўрт нафари Қарши шаҳридаги Президент мактабида таҳсил олади. Бу илм масканининг иқтисодиёт фани ўқитувчиси Ўктам Хўжақуловнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга лойиқ. Айнан у ўқувчиларга илҳом бериб, уларни чуқур тайёрлаган, халқаро майдонда рақобатбардош даражага етказган. Шунингдек, Фан олимпиадалари маркази директори Тўрабой Шерматовнинг маъмурий қўллаб-қувватлови ҳам муҳим аҳамият касб этди. Марказ томонидан кўрсатилган ташкилий ёрдам туфайли вакилларимиз Олимпиадада тўлақонли тайёргарлик билан иштирок этди.
Халқаро Иқтисодиёт Олимпиадаси ҳар йили 16-20 ёш оралиғидаги энг иқтидорли ўқувчиларни бирлаштириб, уларнинг иқтисодий фикрлаш, молиявий саводхонлик ва ҳаётий иқтисодий муаммоларни ечиш бўйича билимини синовдан ўтказади. Бу галги Олимпиада юртимиз учун тарихий аҳамият касб этди: илк бор икки медаль – кумуш ва бронза ҳамда молия бўйича алоҳида эътироф билан умумий ҳисобда юқори натижа. Бу иқтисодий таълимни ривожлантириш, ўқитувчилар меҳнати, миллий даражада қўллаб-қувватлов ва етакчи мутахассисларга эътибор самарасидир.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА