Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги "Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори ижроси доирасида Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси мутахассислари ҳамда Андижон вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари белгиланган тартибда махсус электрон платформа орқали давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.
– Вилоятдаги халқаро автомобиль йўлларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланаётганлиги соҳадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси бош мутахассиси Давронбек Мўйдинов. – Умуман, жорий йил давомида вилоятдаги барча халқаро йўллар рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиши белгиланган.
Бугунги кунга қадар халқаро аҳамият эга М-41 автомобиль йўлининг Хонобод шаҳридан ўтган 9 километр қисми давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, А-373 Тошкент – Ўш халқаро автомобиль йўлининг Шаҳрихон, Асака, Олтинкўл, Андижон ҳамда Хўжаобод туманларидан ўтган 90 километр қисмидан 51 километри тегишли тартибда хатловдан ўтказилиб, кадастр паспортлари тайёрланди. Ҳозирда мазкур жараён давом этмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА