Бугун, 11 сентябрь куни Самарқандда давом этаётган Халқаро шахмат федерацияси тақвимидаги энг йирик турнирлардан бири “Grand Swiss-2025”нинг 7-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Хўш, мазкур турда мамлакатимиз шахматчилари кимларга қарши дона суради. Ғалаба қозонишда кимларнинг имкониятлари қандай?

Очиғи, шахматда бирон бир баҳсни олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Айрим ҳолларда рейтинг кўрсаткичи паст бўлган иштирокчи жаҳоннинг энг донгдор шахматчисини ҳам мағлуб этиб қўйиши мумкин. Бу, қадим шаҳарда кечаётган мазкур турнирда ҳам кўзга ташланмоқда.
Хусусан, жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешнинг кетма-кет охирги иккита турда мағлубиятга учрагани, шунингдек ғолибликка асосий даъвогар саналган турнирнинг биринчи рақамли иштирокчиси ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха 3 та дуранг, 1 та мағлубият ва 2 та ғалаба билан 3,5 очко жамғарган ҳолда 32-поғонада бораётгани “Grand Swiss-2025” ҳар қачонгидан ҳам шиддатли ўтаётганини англатади.

Ортда қолган турлар сарҳисобига кўра, 4 очкога эга ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев, аёллар турнирида 8-ўринда бораётган Афруза Ҳамдамова ҳали совринли ўринлардан бирини эгаллаш имкониятидан мосуво бўлганича йўқ.
Муҳими, бугун ўтказиладиган 7-турда улар зафар қучиши лозим бўлади. Бунинг учун Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда эронлик Амин Табатабини, Ёқуббоев қора доналарда дунёнинг саккизинчи рақамли шахматчиси Алиреза Фирузжани, Ҳамдамова аёллар ўртасида 2015 йилги жаҳон чемпиони украиналик Мария Музичукни доғда қолдириши керак.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА