Ғарбий Соҳил можароси: Франция Смотричнинг мамлакатга киришини чеклади
Франция Исроил молия вазири Безалель Смотричнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу қарор Ғарбий Соҳилдаги яҳудий манзилгоҳлари атрофидаги баҳслар янада кескинлашаётган бир пайтда қабул қилинди.
Маълумки, Ғарбий Соҳил - Исроил ва Фаластин ўртасидаги низонинг асосий ҳудудларидан бири бўлиб, халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми у ерда янги манзилгоҳлар қурилишини қўллаб-қувватламайди. Расмий Париж Смотричнинг сиёсий қарашлари Фаластин давлати ташкил этиш эҳтимолини янада заифлаштиради, деган фикрда.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро қарор сабабини айнан шу масала билан боғлади. Француз расмийлари Смотрични Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини Исроилга қўшиб олиш ғоясини илгари суришда айбламоқда. Шунингдек, тақиқ фақат вазирнинг ўзи билан чекланмади. Яҳудий манзилгоҳлари ҳаракатлари билан боғлиқ тўрт нафар етакчи ва зўравонликда гумон қилинаётган йигирма бир киши ҳам Франция ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бу қарор алоҳида ҳолат эмас. Сўнгги ойларда Буюк Британия, Канада ва Норвегия ҳам манзилгоҳлар билан боғлиқ шахслар ва ташкилотларга қарши чекловлар жорий қилди. Манзилгоҳлар — Исроил фуқаролари яшайдиган аҳоли пунктлари бўлиб, уларнинг бир қисми халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳсли ҳудудларда жойлашган. Ғарб давлатлари хавотири шундаки, бундай қурилишлар келажакда мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш имкониятини йўққа чиқариши мумкин.
Исроил ҳукумати эса бу қарорларга кескин муносабат билдирди. Расмий Тел-Авив чекловларни сиёсий босим сифатида баҳоламоқда ва улар мамлакатнинг хавфсизлик ҳамда ҳудудий масалалар бўйича позициясига қарши қаратилганини айтмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА