Париждаги қурол-яроғ кўргазмаси Исроил қуролларига тақиқ қўйди
Франция ҳукумати жорий йилги “Eurosatory” халқаро қурол-яроғ кўргазмасида Исроилнинг ҳужумкор қурол тизимларини намойиш этишни тақиқлади. Янги қарорга кўра, исроиллик иштирокчилар фақат ҳаво ҳужумидан ва ракеталардан мудофаа қилишга мўлжалланган тизимларни кўргазмага қўйиши мумкин.
Кўргазма ташкилотчилари бу қарор Франция Мудофаа кенгаши томонидан қабул қилинганини маълум қилди. Расмий Парижнинг таъкидлашича, ракета ва бошқа ҳужумкор қуроллар ишлаб чиқарувчи компаниялар уларни намойиш эта олмайди.
Исроил Мудофаа вазирлиги эса мазкур чекловни кескин танқид қилди. Идора баёнотида қарор “сиёсий ва тижорий ҳисоб-китобларга асосланган шармандали қадам” деб баҳоланди. Шунингдек, Исроил миллий павильони кўргазмада иштирок эта олмаслиги маълум қилинди.
Бу Париж ва Тель-Авив ўртасидаги бундай биринчи зиддият эмас. 2024 йилда ҳам Исроил қурол ишлаб чиқарувчилари худди шу кўргазмадан четлатилган эди. Кейинчалик суд бу қарорни камситиш деб баҳолаб, тақиқни бекор қилган.
Сўнгги ойларда Франция Исроилнинг Ливан ҳудудидаги ҳарбий амалиётларини бир неча бор танқид қилди. Якшанба куни Париж Ливандаги Бофор қалъаси эгаллаб олинганидан кейин БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни ҳам талаб қилди.
15-19 июнь кунлари Париж яқинида ўтадиган “Eurosatory” кўргазмасида икки мингдан ортиқ компания ва ўнлаб давлатлар делегациялари иштирок этиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА