Қатл можароси: Париж Теҳронга қарши чиқди
Эронда намойишчиларга нисбатан ўлим жазоси қўлланилиши Франциянинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Париж бошчилигида 32 давлат Теҳронни қатлни тўхтатиш ва ҳибсдаги фуқароларни озод қилишга чақирди. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Эрон ҳукуматини “қон тўкиш”ни давом эттиришда айблади.
Халқаро баёнотда намойишчиларни қўрқитиш учун ўлим жазосидан фойдаланиш ҳеч бир шароитда оқлаб бўлмайдиган ҳолат экани таъкидланган. Ҳужжатни Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Германия ва Италия қўллаб-қувватлаган.
Табиийки,Теҳрон айбловни қабул қилмади. Ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий Парижни “очиқ-ойдин иккиюзламачилик”да айблаб, инсон ҳуқуқи ҳақидаги танқидини инкор этди. Шунингдек, Ғазодаги Исроил ҳаракати ва Эронга қарши позицияси сабаб Парижнинг бу масалада маънавий устунликка даъвоси йўқлигини билдирди.
БМТ инсон ҳуқуқи бўйича олий комиссари Фолькер Турк маълумотига кўра, 19 мартдан бери миллий хавфсизлик билан боғлиқ айблов асосида камида 56 киши қатл этилган, 100 дан зиёд одам шундай жазо хавфи остида. “Amnesty International” ҳисоботи эса 2025 йил давомида 2 150 киши қатл этилганини қайд этган.
Мусулмон Зиё, ЎзА