Футбол: "Осиё кубоги — 2027" мусобақаси бошқа муддатга кўчирилди
Саудия Арабистонида ўтказилиши белгиланган футбол бўйича "Осиё кубоги — 2027" мусобақаси муддати ўзгартирилди. Энди қитъа биринчилиги 2027 йил декабрь ойидан 2028 йил январь ойига қадар давом этади.
Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) маълум қилишича, дастлаб 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар ўтказилиши режалаштирилган мусобақа фавқулодда вазиятлар, жумладан, минтақадаги логистика билан боғлиқ мураккабликлар ва сафар чекловлари сабабли бошқа муддатга кўчирилган.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси «B» гуруҳидан жой олган. Футболчиларимиз гуруҳ босқичида Иордания, Баҳрайн ва КХДР терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Янги тақвимга кўра, Осиё кубоги баҳслари 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январга қадар Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Мусобақа ўйинларининг аниқ тақвими кейинчалик қайта эълон қилинади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА